Тошқалъа

“Иқтидор, изтироб, ижод”, “Водий садоси” ЁТРК, 2014
08.10.2016
Буни билмаганнинг қалби ҳам, кўзи ҳам…
20.10.2016

Дарвоза томонда машина басма-бас сигнал берди.
Оқ сурпдан яктак, гуллари қиёғос дўппи кийган эркак ўша тарафга шошилди. Дарвозанинг “болачоғи”дан ташқарига чиқди. Оқ “Ласетти”да икки йигит ўтирарди.— Саломалайкум! — деди рулда ўтиргани истарали юзи ёқимли чарақлаб. — Биз хўжайин айтган одамлармиз, амаки.
— Ие, ваалейкум ассалом. Келинар-келинар! — Эркак типирчилагандай ичкарига қайтиб, девордаги пультни босди. Улкан дарвоза ҳайбатига ярашмаган овоз чиқариб, очилди.
“Ласетти” ичкари кирди.
— Ошхона қатта, ока? — дея сўради ҳайдовчи.
Эркак дарвозани ёпиб, машинанинг ортидан эргашди…
Далаҳовли кенг. Қўрғон девори харсангтошлардан. Ўртада ҳашаматли, пештоқлари кунгурадор, нақшинкор бино. Турфа гуллар томигача тирмашган. Бўғзида катта думалоқ фаввора. Пуркагичлари лола шаклида — ғунчалари қатидан сув отилади. Теграсида тўқима курсилар.
Ўнг тарафда узун ишком. Токлар ҳафсала билан хомток қилинган, соч толасидек таралган. Яшил бошлари дона-дона. Остида гуллар рангин товланади. Тўсинларига бир неча тўрқовоқлар илинган.
Наридаги катта-кичик қафасларда сайрар-сайрамас чиройли қушлар, қора хол-хол зотдор оқ итлар боқилади.
“Ласетти” ошхона олдида тўхтади. Ҳайдовчи тушиб, эркакнинг етиб келишини кутди.
— Энди кўришиб қўяйлув, амаки, — деди етиб келгач, қўш қўллаб кўришиб. — Биз ошпазлармиз. Хўжайин таклиф қилувдилар. Мани исмим Дилшод. — Шериги томон ишора қилди: — Бу шогирдим Шоҳруҳ.
— Менинг отим Муҳаммадрасул, — деди эркак юзига қийғос табассум сочиб. — Шейда ишлайман, — ёнбошдаги ҳужра ёққа кўз ташлади, — хотиним минан…
Дилшодбек уни “қаритиб юборишни” истамадими, “ока”лашга ўтди:
— Яхши, ока, хурсандман. Энди нарсаларни туширсак. Ҳали қанча овқат тайёрлашимиз керак-де. Қани, Шоҳруҳ!..
Машина тўла емак эди. Учовлашиб уларни ошхонага туширишди. Сўнг Дилшодбек шошиб, қўлини дуога очди:
— Қани, Муҳаммадрасул ока, бир патаҳа беринг-чи!
Муҳаммадрасул кутмаганди. Бироз меровсираб, деди:
— Тинчлик-хотиржамлигини берсин, омин!..
— Шоҳруҳ, кийимларни ол! — Дилшодбекнинг кўзлари олма терди.
Икковлон бир зумда ошпазона кийим-бошларга бурканиб, асбоб-анжомларини ҳозирлашди.
— Энди, ока, сиз ўзизи ишийзи қивуринг, — деди Дилшодбек Муҳаммадрасулга лоқайдроқ боқиб. У бутунлай бошқа кепатага кирган, бояги одобидан асар ҳам қолмаган, олдидаги одамни гўё кўрмасди. — Мабодо керак бўлсайиз, чақиравуза.
Муҳаммадрасул довдиради.
— Хўжайин бунақа қилмасди. Билмадиму… Бейда қариндош-уруғлари, хотинининг ўртоқлари дам олишарди. Бегоналар умуман келмасди. Шунга…
Дилшодбек егуликларни бирма-бир очарди. Қўлида тошбақани эслатувчи қандайдир гиёҳ, гўё ўзига гапираётгандай деди:
— Бу бойларни тушуниб бўмийди, ока! — Нарсаларни бир-биридан ажратаётган Шоҳруҳга қайрилди. — Сан аввал пиёзни арт, — дея хиёл дўқ урди. Сўнг юмушга андармон бўларкан, овози насиҳатомуз тус олди. — Ман ўзи энг зўр ресторанда ишлийман. Тўй-пўйларга борардиму, аммо… Хўжайинингиз шефимга илтимос қилибдила. Шу иш керак эмиш. Уёғини билмадим. Билишниям истамийман… Ман далаҳовлида биринчи марта ишлашим, амаки. — Маъноли жилмайди. — Дўппингиздан анжанликка ўхшайсиз-а, ока?
— Ҳмм… — деди не қилишини билмаган Муҳаммадрасул.
— Битта кўк чой дамланг, ока. Биззи уйда ҳамма фамил ичади, аммо ман…
Бу ер ошхона бўлса, ундан чой сўрагани қизиқ. Муҳаммадрасул “хўп”, деди-да, ҳужраси сари кетди. Андижонликларнинг кўк чойига ишқибоздир-да, дея хулоса ясади йўл-йўлакай.
Остонада оқ-кулранг рўмолини жағининг остидан танғиган нурпош аёл кўринди.
— Кимлар экан? — Овози мусиқадай эшитилди.
— Хўжайиннинг меҳмонларийкан. Битта чиройли кўк чой дамлагин, онаси.
— Вой, ошхона ашағда-ку.
— Ўзимизнинг электрчовгунда қайната қол. Меҳмонлар сўрашяпти. Мени халақит бермасин, деб шуна қилишдими, нима бало?..
— Хўп бўлади. — Хотини ичкарига кириб кетди.
Муҳаммадрасул бирпас туриб қолди.
— Онаси, — деди сўнг. — Ичкари минан шийпонни супуриб-сидириб, артиб-нетиб қўйгин. Қайда ўтиришади — Худо билади… Мен беданаларга сув қуйиб, ит-питларга қараб келаман…
Аёл кўриниб, эри гапини тугатгунча сукут сақлади.
— Чойни меҳмонларга олиб бориб берарсан. — Муҳаммадрасул ҳужра эшиги ёнидаги челак билан чўмични қулига олди. — Тортинма, яш боллар…
Ишкомга бораверишда шийпонни елкалаган дов-дарахт энкайган, сербута. Остида қадим Оврўпо тошқалъаларининг митти кўриниши. Тошқалъа бағридаги жўмракдан сув оқади. Устида гоҳ шер, гоҳ аждар қараб турганга ўхшайди. Ёки яланғоч одамнинг қўлларини ҳар ён ёзиб, михлаб қўйгандай туюлади. Сувнинг чулдирашидан ўзга ҳамма нарса дилга зил солади.
Муҳаммадрасул пақирни чайиб, тувакка қўйди. Энгашганда нафаси қайтгандай ортига тисарилди. Бетоқатланиб, “тошқалъа”га хавфсираб тикилди. Бўғзида нохуш таъм сезди.
Бу ерга келишга юраги безиллайди. Негалигини тушунмайди. Менга шундай туюляптими, деса, хотини ҳам “ўша жойдан қўрқаман”, дейди. Нима бало, “тошқалъа”га жинлар ўрнашиб олганми? Ошхонадан ҳам сув олиш мумкин, фақат ташқарида ишлатилган пақирни ундаги тувакка қўйиш ножоиз… Кейинги пайтда эр-хотиннинг кўнгли хижил. Қишлоқда нақд пул берадиган иш йўқ. Томорқадами, бошқа жойдами, ер тимдалай, деса, қўйни тарвузга (балки буғдойгадир) алмаштириб яшашга тўғри келади. Буни билган билади, лабидан мойию майи аримаганлар кулади холос. Ёши қирқ бешга кириб, бир нарса ошинмабди, дейди. Болалари бўйига етиб қолди, суриштириб юриб, шу ишни топди: тошкентлик бой иккисига ойига бир ярим миллион берадиган бўлди. Емак-ичмак, турар жой текин.
Беданаларга сув қуйди. Иссиқни тепага чиққанда, айниқса, ҳис этди. Беданаларга раҳми келди… Кейин бошқа паррандаю қушларга дон, сув берди. Товусларнинг қафасига кирганда яна ғаши келди: тавба, шунча сохти-сумбатига овозининг ярашмагани-чи! Нега шунақайкин-а? Қўшиқ айтган қассобни ёки рақс тушган тошполвонни кўрганмисиз?.. Зотдор итларга эса алоҳида эҳтиром керак. Қурғурлар палагини яхши биладиларми — жуда озода. Ҳар жойга нажас ташламайди, емишни ортиқча емайди. Олдига кирсангиз, бошини баланд кўтариб тураверади. Шундай пайтда одамлигингизга ачиниб кетасиз. Ўзингизни бирон бўйни йўғоннинг оёқлари остида акиллаб юрган итдай ҳис этасиз. Уларни ювинтирганда кўрсангиз эди: қимматбаҳо шампунни кўпиртириб ишқалайверасиз-ишқалайверасиз, аммо пинак бузмайдилар. Ҳар сафар итларни ювинтиргач, эринмай чўмилади. Бўлмаса, кўнгли тинчимайди, нон ушлагиси келмай қолади.
Аёл чойни ярим девор устига қўйди-да, томоқ қирди. Бино сари бораётганда ортидан Дилшобдекнинг овози эшитилди:
— Идишларни ювишиб юборарсиз-а, опа!..
Аёл қайрилмади. “Хўп”, деди эшитилар-эшитилмас. Сўнг бинога кириб кетди.
Муҳаммадрасул пақир-чўмични жойига элтиб, қўлларини совунлаб-совунлаб ювди. Охирида бирпас оқар сувга тутиб турди…
— Келдингизми-ей, Муҳаммадрасул ака! — Дилшодбекнинг овозига уйқаш дарвоза қўнғироғи фарёд урди.
Муҳаммадрасул ўша томон чопди.
Дарвозанинг саҳна пардаси каби шиғиллаб очилиши асносида аждаҳодай улкан қора машина намоён бўлди. Орқа эшигидан қимматбаҳо костюм-шимига монанд бўйинбоғ таққан одам тушди. Унинг борлиғидан виқор ёғилади.
— Ассаломалейким, хўжайин! — Муҳаммадрасул дарвозани ёпиш учун пультни босди.
— Сомалейкум. Дарвозани ёпмай туринг, Расул ака! — Хўжайин ҳайдовчисига буюрди: — Бориб, кенойнингни обке!
Машина чиқиб кетди.
— Ҳамма нарса тайёрми? — сўради хўжайин бино томон юриб. — Ошпазлар келишдими?
— Келишди, — деди Муҳаммадрасул унинг ортидан эргашиб.
— Ҳаммаёққа сув сепинглар. Жойни ташқарига қиласизлар. Ичкаридан телевизорни обчиқинглар. — Ошпазларга овоз берди: — Ҳорманглар! Овқатлар зўр бўлсин-а! Фонтанни ёқинг, Расул ака! Ман кийимларимни алмаштириб чиқай…
Муҳаммадрасул фаввора деворларини артиб, ён-верини супуриб-нетди. Тўқима курсиларнинг чанг-чунгини аритди. Сўнг ёқди. Лоласимон гулларидан сув отилди. Шийпон томидан ҳам рангин иплар янглиғ тарам-тарам сув оқа бошлади. Атрофга салқин тароват уфурди.
Муҳаммадрасул фавворага пича тикилиб қолди. Бир қўлида пақир, иккинчисида юмшоқ чўтка билан латта тутган аёли чиқиб келганда хаёли бўлинди.
— Ичкарига қараб чиқдим, дадаси, — деди у яқинлашгач, рўмолини тузатиб.
— Хўжайиннинг олдида хижолат бўлмадингми?
— Ҳали кўришмадим. Хобгоҳга ўтди шекилли.
Сувнинг ёқимли сийпалаши Муҳаммадрасулнинг кайфиятига монанд зиёдалашди.
— Ошпазлар идишларни ювиб беринг, дейишувди, нима қилай? — сўради аёл отилаётган сувнинг ҳайбатига тикилиб.
— Майли… — Эрнинг кўнглига янада ойдинлик инди. — Қарашвор. Мен ҳам ашейда бўламан.
Идишларнинг ҳаммаси қимматбаҳо. Аёл чинни коса, ликоб, пиёла, нари борса, санчқини билади. Аммо манови хилма-хил шаклу безакли бошқа идиш-аёқларнинг номи тугул нима учун ишлатилишини ҳам фарқламайди. Пешбандини боғлаб, идишлар ғарамини ювишга тутинди.
Ошпазларнинг олдига кириб, Муҳаммадрасулнинг кўзлари қамашиб кетди. Силлиқ столларнинг бирида турли ҳайвонларнинг гўштлари, ёнида сабзавотлар, кўкатлар, бошқасида у номини билмайдиган турфа емаклар… Қовун-тарвуз монандлари тағин бир ёнда. Хуллас, ҳаммаёқда ранго-ранг егуликлар. Бойлар ҳам бор бўлсин-да, биз каби омиларнинг кўзини пишитиб, билмаганини билдириб туришади.
— Келдингизми-ей, ока?.. — деди Дилшодбек карамга ўхшаш нарсанинг япроқларини ирадалаб . — Энди сизнинг ёрдамингиз ҳам керак бўлади.
— Хўп-хўп, ука. Нима қилишим керак? — У ҳар қандай ишга ҳозир алпозда енг ҳимарди.
— Уста, ман нарёққа ўтиб келай. — Шоҳруҳ қўлларини сочиққа артиб, Муҳаммадрасулга қаради. — Қайси томонда, ока?..
Дилшодбек ишига берилиб кетганди, қўлидаги нарсаларни ўйнатарди: аёл узатган идишларни бўш столга териб, нималарнидир арчар, тўғрар, қирқар, кесарди…
— Мен нима қилай, Дилшодбек? — сўради Муҳаммадрасул ўзини бегона сезиб.
— Сизми, ока? — Дилшодбек катта товага лаҳм гўшт ташлади. — Ҳозир айтаман… — Гўштнинг жизиллашидан илҳомланди, шекилли, тошбақасимон кафтгирини қиличдай ўйнатди. — Ўтин бор-а?
— Нима-а?
— Ўтин, қаттиқ ўтин…
— Бор…
— Бизга ўшаям керак бўлади… — Энди қандайдир сабзавотларни бошқа товага солди.
— Нима қиляпсиз? — Муҳаммадрасул унинг ҳаракатларига маҳлиё бўлганидан, ўзини қишлоқ тўйларида ўчоққа ўт ёқаётгандек ҳис этди.
— Кейин тушунасиз, ока, кейин!.. — Дилшодбек аллақандай хорижий идишдаги шилимшиқ суюқликни товага кетма-кет томизди. — Адамла доим ажаб замонлар келди, дейдила, отам раҳматли кунжара еганини айтардилар, энди эса, ўзини билмаганларнинг, бой, деймиз-да, турфа ҳою ҳаваслари пайдо бўлмоқда, дейдилар. Мани устимдан куладила-да…
— Унақа деманг-ей, Дилшодбек! Ҳеч замонда отаям ўз боласи устидан куладими?! — Муҳаммадрасул у ён-бу ён аланглади. — Отангиз донишманд одам экан. Ўзи неча ёшда?
— Эллик бешга кирдилар.
— Ёш экан-ку… Мен бўлсам, отам замонидан қолган одам, деб ўйлаб…
Шоҳруҳ кириб, қўлларини артаркан, деди:
— Анов ердаги сув… Сув тушадиган жой бор экану… Водопровод-да!..
Муҳаммадрасул сергак тортиб, унга тикилди. Шоҳруҳ афтини буриштириб, сочиққа юзини оғзи-бурни аралаш сидирди.
— Қанақа жой ўзи?! Сувини ҳўпладиму, кўнглим айниб кетди. Ўҳҳу-қҳу… Бобом тўғри айтарканлар — шубҳали нарсаларни ичма, ема, деб. Ниманинг расми бор ўзи у ерда?
— Гапни кўпайтирмай, ишни қил! — деди Дилшодбек япроқсимон нарсани қайиқмонанд ликобларга соларкан. — Хўжайин қайтиб чиқмадилар-а?
Муҳаммадрасул бино томон кўз ташлади.
— Ухлаб қолди шекилли. Ҳали вақт бордир?..
Шоҳруҳ қўлини қайта чайиб, ишга киришди.
Уста-шогирд бир нарсаларни ёриб, кесиб, пишириб, емак тайёрлай бошлашди. Орада аёл яна аллақанча турли идишларни ташлаб кетди.
— Гугурт чўпидай тарашаларда пишириладиган таомларимиз ҳам бор, ока, — деди Дилшодбек қўлига резина қўлқоп кийиб. — Тараша бордир?
— Бор-бор. Ҳозир пискада ёриб бераман. — Муҳаммадрасул бу сўзларни Дилшодбекнинг ҳаракатларига маҳлиё бўлиб, беихтиёр айтиб юборди.
Дилшодбек кўз қирини ташлаб, мийиғида кулиб қўйди.
— Барибир водийликлигингизга бордингиз-а, ока!
— Хафа бўлмангу, Дилшодбек, менга қизиқ-да энди… — Муҳаммадрасул борки нарсаларга бир сидра назар ташлади. — Буларни ейишадими ё томоша қилишадими?
Дилшодбек қаддини тиклаб, жилмайди.
— Ростини айтайми? — дея ортида ғимирлаётган Шоҳруҳга елкаси оша бир қур боқди. — Асли ўзим ҳам буни тушунмайман. Ман рассом каби ишлайман. — У гапларимни англаяптими-йўқми, дегандай қараш қилди. — Таомлар аввало кўзга ёқимли, чиройли бўлсин. Уёғи Худога аён. Бу манинг касбим, яхши ҳақ тўлашади. Бойлар емайди, ока, бир-бирларини қойил қолдиришади.
Аёл юмушини тугатиб, ҳужра томон ўтиб кетди.
— Мановиларнинг ичида, — Муҳаммадрасул гўшт уюмига ишора қилди, — чўчқа гўшти йўқми?
Дилшодбек тағин қаддини тиклаб, кулди.
— Қизиқ экансиз, ока! Булар… — Ён-верига аланглаб олди. Шоҳруҳга ўтин олиб келишни буюрди. — Муҳаммадрасул ака лезвияда ёриб берадила… Булар… — Дилшодбекнинг кўзлари ҳеч ким билмайдиган сирни айтаётгандай чақнади. — овқат емайдилар, ока, бир-бирларига мақтанадилар. Қизил икра, қора икраларнинг даври ўтди. Энди буларга туяқуш ёки тимсоҳнинг тухумини пишириб бериш керак…
Муҳаммадрасулнинг наздида, Дилшодбек жазавага тушаётгандек туюлди. Нега?!. Бойларни ёмон кўрадими ёки мановиларни? Қизиқ!..
— Ҳов, анови дарахтнинг номи нима, ока?
— Бизда бақатерак дейишади.
— Ман эса билмайман — бизчасига ҳам, сизчасига ҳам. Бир томони оқиш, орқаси кўкиш ялтирайдиган дарахт-да, а? Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, буларга ўша… нимайди?..
— Бақатерак.
— Ҳа, ўша бақатеракнинг баргига манови… — Дилшодбек ликобдаги қандайдир япроқми ёки ўсимлик пўстига қовурилган гўштдан бир бўлак ташлади. — … гўштдан солиб, кенгурунинг тилими, динозаврнинг қорачиғими, десангиз, узоқ тикилишади, маза қилишади. Ейишмайди, бироқ бир-бирларига мақтанишади, ока!.. Ие, хўжайин чиқдила!..
Бино зинапоясида хонаки кийимда нигоҳи атрофдаю, обдон тамаки сўраётган хўжайин пайдо бўлди.
Шоҳруҳ ғўлаланган ўтинлар олиб келди.
— Шуларни би-ир гугурт чўпидай қиб берасиз-да, ока! — деди Дилшодбек Муҳаммадрасулга дам хўжайинга, дам юмушига безовта қараб. — Булар нозик одамла.
— Сув сепмабсизлар-ку?! — дея овоз қўйди хўжайин.
— Сиз ўтинларни майдалаб туринг, ука. — деди Муҳаммадрасул девор остидаги пақир томон шошиб, Шоҳруҳга узрнамо боқаркан. — Мен атрофга сув сепиб келай, кейин гаплашамиз, майлими.
Қуёш тиғи қайрилганда аждаҳо машинада мускуллари бўртган ҳайдовчи билан “кенойи” келди.
— Боринг, бир чўмилиб чиқинг, — деди хўжайин хотинига. — Енгилроқ кийининг, меҳмон нозик.
Муҳаммадрасул фаввора ҳовузидан сув олиб, атрофга соча бошлади. “Тошқалъа”нинг жўмрагига ичак улаб сепиши ҳам мумкин эди, аммо буталар орасига бош суққани кўнгли бўлмади. Ҳайдовчи фавворага яқинлашганда бирдан сергак тортди.
— Дилшодбек, — дея ошхона томон овоз берди, — ўтинни Шоҳруҳбек тарашлаяптию, мен… — уёғини айтолмади. Ҳужра эшиги олдидаги хотинига маъноли назар солди-да, ичкари кириб кетди.
— Ҳали бориб, меҳмонни обкеласан, — деди хўжайин ҳайдовчига. — Унгача иш-пишга қарашиб тур.
Ҳайдовчи машина калитини жинси шимининг чўнтагига солиб, ўнг муштини чап кафтига урди.
— Итлариззи бир кўриб келай, хўжайин, — дея хушомадгўйларча иршайди. — Оммалекин гап йўқ-да итларизга!
Хўжайин яйради.
— Бор-бор, кейин келарсан.
Муҳаммадрасул ҳужрадан чиқиб, хотинига шийпонга дастурхон солишни буюрди.
— Қалай, чарчамаяпсизларми? — деди Шоҳруҳнинг қўлидан болтачани оларкан.
— Шоҳруҳ, сан шиша-пишаларни, рюмкаларни тайёрла! — Дилшодбек бир неча қозон-товада бирваракай ишларди. — Гапимиз узилиб қолди, ока. — Қайсидир қозонни ковлаб, қўлига пичоқни олди. — Худога шукур, шу касбимнинг орқасидан кам бўлмавомман. Ҳали айтдим-ку, яхши ҳақ тўлашади. Лекин, ростини айтсам, ҳеч қачон адамлага овқат пишириб бергандагидай маза қилмаганман.
Муҳаммадрасулнинг меҳри товланди.
— Ота — ота-да, — деди кўзларини пирпиратиб. — Отанинг қадри кетганда билинади!
Дилшодбек туйқус қараш қилди.
— Ҳамиша ё ош, ё шўрва қиб бер, дейдила. Илҳомим жўшиб кетади. Унда рассомдаймас, ошпаздай ишлийман. Пиширган овқатимни адамла мақтаб-мақтаб еганларини кўрганимда, яйраб кетаман. Дуо қиладила. Ман бўлсам, интернетни ковлаштириб, манавинақа овқатларнинг рецептини топаман…
— Дуода гап кўп!.. — Муҳаммадрасул каттароқ гугурт чўпидай оқиш-сарғиш товланган тарашаларни саржинлади. — Шунчаси етар-а?
— Етади, ока. Бу ўтинда қўйнинг қовурғасини пиширамиз.
Шоҳруҳ кирди.
— Энди дастурхонни безатишга киришамиз. Европейский қиб, — деди Дилшодбек. — Сан бошлаб тур…
— Негадир кўнглим айнивотти, уста! — Шоҳруҳ афтини буриштирди.
— Ёқмайдиган нарса емовдингми?..
Муҳаммадрасул имкон топиб, шом намозини адолаганда дарвозадан “қора аждаҳо” кириб келди. Ҳайдовчи тушиб, орқа эшикни очди. Туси шом қоронғусига қоришиб, чироқлар шуъласида ялтираган костюм-шим кийган, бўйинбоғ таққан барваста одам жилмайиб, бироз букчайиб, пешвоз турган хўжайин сари юрди.
Хўжайиннинг хотини энди бутунлай ўзгача қиёфада эди: ёшига нисбатан келишган қоматини сирган узун ялтироқ қора кўйлаги ҳар бир бўғинини ошкора намойиш этади. Либоси нафақат енгсиз, елкалари ҳам очиқ, қўлларини кўтарса, оқем қўлтиқлари бемалол кўринади. Калта сочлари ёйилган, юз-кўзи бўёқли, борлиғидан хуш бўй уфуради.
Меҳмон хўжайин билан қучоқлашиб кўришгач, аёлга одатий мулозаматлар қилди. Биргалашиб шийпон томон юрдилар.
Улкан телевизорда гўзал табиат манзаралари. Майин куй таралади.
Меҳмонни қистай-қистай, тўрга ўтказишди. Юзларга фотиҳа тортилди. Фақат меҳмонники ўхшади. Хўжайиннинг кафтлари юзларининг ёнидан ўтароқ, бутпарастларнинг ибодатидагидек қовушди. Хотинининг бармоқлари эса юзларига алламбало суркаётгандагидек ўйнаб, қўли ияклари оша ёнига тушди.
— Бир пиёла сув берсангиз, — деди меҳмон шай турган Дилшодбекка. — Роса чанқадим.
Хўжайин Дилшодбек билан баб-баравар тараддудланди. Қандайдир хорижий ичимликдан тутдилар. Меҳмон ютоқиб ичди. Сўнг одатий ҳол-аҳвол сўрашлар бошланди…
— Ҳорманг энди, Расул ока! — деди машина калитини тинмай силтаётган ҳайдовчи ошхона ёнига келиб. — Хўжайин бу клиентниям ҳар доимгидек ўраб ташлайдила…
Қўли қўлига тегмаётган Шоҳруҳ шийпон томонга бирров назар ташлагач, ҳайдовчига эътибор берди: танаси ниқ, соғлом. Мускуллари футболкасини ёриб юборай дейди-я!
— Шу кенойини сизлар ҳам биласлами? — Ҳайдовчи калитни шимининг чўнтагига солиб, қайсидир емакдан тотинди. Ёнидагиларнинг юзида ўзгариш сезмагач, талмовсиради: — Ўзи яхши аёлла-де… Шу-у… Манимча, хўжайин…
— Энди-чи, сиз бориб, итлардан хабар олинг, — деди Муҳаммадрасул жиддий. — Ҳадемай кўргилари кеб қолади.
Ҳайдовчи қайсидир шишага ютоқиб қарагач, нари кетди.
— Овқатланволассими, дадаси? — Ярим девор ортидан аёлнинг овози эшитилди.
— Ўзинг еб туровир… Айтаман… — деди…
— Қани, бирон нима денг, ока! — Хўжайин қадаҳ тутганча меҳмонга интизор тикилди. — Биринчи сўз сиздан…
Меҳмоннинг қора, бўртмалар тошган юзи, қалин қошлари, дўрдоқ лаблари аниқ-тиниқ кўринди.
— Энг аввало, шу ердаги хонимлар учун ичайлик. Омон бўлишсин!
— Қойил! Бор экан-ку мард эркаклар! — Бу “кенойи”нинг йиллар ўтароқ ошинган сўзлари эди.
Меҳмон таваккалига ниманидир газак қилди. Хуш ёқди. У бунақа ўтиришларга “қўриқчилари”, аниқроғи, ишончли одамлари билан келарди. Бугунги муддаоси бўлак — мезбоннинг феълини яхши билганидан бир нарсани кўзлади.
— Яна биттадан олайлув! — “Кенойи”нинг кўзлари йилтиради. Ўнг қўлининг бош ва ўрта бармоқларини ишқалаб, қисирлатди. У ён-бу ён умидвор боқди. Ниҳоят шийпон четида ҳайдовчи кўринди. — Мусиқа!.. — дея ҳайқирди энди чап қўлини силкитиб. — Қани, олайлик!
Ҳамма ўрнидан турди. “Кенойи”нинг дадиллиги меҳмонни илҳомлантирди.
— Қани, олдик! — деди бўйинбоғини бўшатиб. Кўнглида ташналик қўпчиди.
Ичдилар.
Меҳмон санчқида ниманидир “кенойи”га узатди. У яқин келиб, емишни лабларида қисиб, нигоҳида меҳмонни сийпалаб, оғзига олди.
— Биласлами?.. — Либоси ичра бутун танаси билтанглади. Эрининг кўзларидан маъно қидиргач, меҳмонга умидвор тикилди. — Ман Аллўҳимга жуда ишонаман-де… Честно… Но, баъзилар намўз дейди, ҳалиги, — керакли сўзни тополмай, қўлларини силтаб, аланглади, — рўмол, дейди. Манимча-чи, энг аввал одамнинг кўнгли тоза бўлсин. Аллўҳим ҳаммасини биладила-ку…
Меҳмон “қойил”, дея чапак чалди, аммо “кенойи”ни эшитишни истамаётгани сезилди.
Телевизорда сочлари ёйилган ярим яланғоч қизларнинг шаҳвоний жилпанглашлари кўринди. Бироқ мусиқа хорижий бўлгани билан сўзлари ўзбекчадай эди. Ҳеч ким бунга эътибор бермади. Барча Шоҳруҳ олиб келган аллақандай суюқ таомга ёпишди.
Атрофни — бутун далаҳовлини ранго-ранг чироқларнинг жилваси тутди. Бирдан беданалар сайрай бошлади: “битбилдиқ-битбилдиқ”. Меҳмон қошиқни лабидан олиб, бошини кўтарди. Қулоқ тутди.
— Беданами? — деди бирдан чеҳраси очилиб. — Қойил! Қойил сизга! — дея хўжайинни сийлади.
Хўжайин билан “кенойи” беданалар овозига қулоқ солгандай кўринсалар-да, аслида нигоҳларида меҳмонни таъқиб этардилар.
— Дадам раҳматли беданани яхши кўрарди, — деди меҳмон кўзлари йилтираб. — Раҳмат сизга! — У мезбонга миннатдор боқди. — Дадам бедана овлаган. Лекин бунақа ов менга ёқмайди. Нари(эркаги)ними, модаси(урғочиси)ними овозини беришади. Алдашади. — Кўнглида шубҳа туйди: нега бу гапларни ўйладим ўзи?! — Нима бўлганда ҳам сизга раҳмат! Яна биттадан ичайлик! — Қўллари қадаҳ қидирди.
— Нари — бу эркаги-да, а? — деркан, битта беданалик ҳолинг бор экан-ку, ўйлади хўжайин. Аммо ичида беданаларни сотиб олишга қистаган Муҳаммадрасулдан хурсанд эди. — Ҳали қизим келсин…
— Ҳов!.. — Хўжайин кимга буюришини билмади. Ресторан тузук экан, хаёл қилди сўнг. Аммо меҳмонни қойил қолдирмоқчи эди-да. Ҳам иш осон битади. Қошид пайдо бўлган Шоҳруҳга буюрди: — Қуй!..
— Бирон нарса енг, Расул ака! — деди ҳамон юмушдан тўхтамаётган Дилшодбек. — Бу ҳали-бери тугамайди.
— Биламан, — Муҳаммадрасул емишлар уюмига хавфсираб тикилди. Кўнгли ғилқиди. Шунча нарса-я!.. — Хотиним минан овқатланарман.
— Ўзиз биласиз. — Дилшодбек олтинларни ҳовучлаб-ҳовучлаб қоплаётгандек алпозда эди. — Ҳов, Шоҳруҳ!..
Меҳмон қадаҳни сипқорди. Костюмини ечиб, стул елкасига ташлади, бўйинбоғини бўшатди.
— Пастга тушайлик энди, — дея қўл силтади қучоқлашмоқчидек. — Салқинлайлик!..
Тушови бўшатилган буқа каби ўзларини ҳар ён уриб, елкаларини, оёқларини силтаб, фаввора ёнига ўтишди. Ҳайдовчи курсиларни яқинлаштирди. Юзу танларига сувнинг намчил салқини уриб, хуш ёқди.
— Ома дачани боплаган экансиз, — деди меҳмон йирик жуссаси ором ола бошлаганидан кўзлари сузилиб, чироқларнинг сувда аксланган нурида юзи йилтиради. — Биз бўлса, юраверибмиз-а!..
— Ҳе, ока, биззи дача сизники-де. — Хўжайин Шоҳруҳ патнисда олиб келган биллур қадаҳлардаги хориж пивосини “аввал меҳмонга тут”, дегандай ишора қилди. — Аслида энг зўр ресторанда ўтирсак бўларди. Бу ерда ҳам йигирма-ўттиз хизматчини югуртириб қўйиш қўлимдан келади. Лекин тинчгина оилавий ўтирайлув, дедим-де. — Бу билан “кўрдингми, ман сани ўзимга қанчалик яқин оламан”, демоқчи бўлди.
Меҳмон муздек пиводан ҳўплади. Халқумига ёқимли таъм урилиб, вужудини ҳузур сийпалади.
— Раҳмат сизга, росаям маза қиляпман. — Кўйлагининг бир неча тугмаларини ечиб, юнгли кўксини силади. Пишиллаб пиво симирди. Қулоғига яна бедана овози урилди. Кўнгли юмшади шекилли, хўрсиниб, деди: — Бедана зўр нарса-да! Отам раҳматли енгида олиб юрарди… — Бироқ бу сўзни миясининг қайсидир пучмоғидан топгач, яланғоч ўнг елкасидан то бармоқларигача назар ташлади-да, ниманидир англагандай бўлдию, ўйини давом эттиришни истамади.
— Енгида?!. — деб юборди сўл ёнида пиво ҳўплаётган “кенойи” беихтиёр.
Меҳмоннинг гапини тушунмаган хўжайин савол назари билан боқди.
— Сизлар буни билмасангиз керак. Шаҳарликсиз-да. — Қаддини тиклаб, юзи ёришганидан меҳмоннинг гапиргиси келаётгани сезилди. — Биз ёқларда оталаримиз кенг, енги узун чопонлар кийишарди. Баъзилари енги ичида бедана олиб юришарди. Ишқибозлик-да. Шу ҳолида овқат-повқат беришарди. Уриштиришарди.
— Да, ну-у!.. — деди “кенойи” қўл силтаб. — Ануви, нимайди?.. Бедананиям уриштиришадими? Кўрдим-ку!.. Такая маленькая ж?.. Йў, Аллўҳ!..
Меҳмон ёзилиб кетди.
— Сиз беданани уришганини кўрмабсиз… — Гапи оғзида қолди.
Дарвозанинг кичик тавақаси очилгани эшитилиб, чироқлар нурига уйқаш шарпа кўринди.
Хўжайин “хайрият-ей”, дегандай ўрнидан турди. Манови “беданавшина”дан қутулдик. “Кенойи” ҳам унга эргашди.
Меҳмон сергак тортиб, дарвоза томон қайрилди. Сўзи бўлинганидан озорланган эса-да, кайфиятини бузмасликка уриниб, яхшиликка умидвор тикилди. Айни дамда жумла эркакнинг нигоҳи ўша ёққа қадалганди.
Кўп ўтмай, шарпа одамлашди: озод сочлари елкалари узра ёйилиб, толалари юз-кўзини сийпалаган, нимқоронғида ҳарир товланган енгсиз, ёқасиз пушти кофта, баданини сирган почаси тор оқ шим, яланг оёқларига ўргимчакдай ёпишган пошнасиз, тагчарми юпқа пойабзал кийган, қадди-қомати жон олғувчи қиз тўғри “кенойи”нинг қучоғига отилди.
— Келдингми, джўн ?.. — “Кенойи” қизини янги олган либоси қатини бузгандай ҳаракатлар билан сийпалаб, меҳмоннинг ҳолатини кузатиш асносида эрига боқди. — Любимчигизи кутволинг, адаси!
Ота-бола бир-бирларининг юзларидан ўпишди.
— Меҳмон билан таниш, қизим…
Меҳмон қизни кўриб, ҳамма нарсани унутганди. Унинг ҳар не дилга оташ солгувчи жусса-басти кўзларига қамалиб қолгандай эди.
— Совмалейкувм!.. — деди у меҳмоннинг қошига келиб, оёқларини беозор тапирлатаркан, танини силтаб, эркалангандай.
— Ваалейкум!.. — Меҳмон қизнинг қўлини икки кафти орасига олди. Хушбўй ифор жонини қутқулади. Гапирмоқчи бўлди-ю, гапиролмади. Музқаймоқнинг ялтироқ қоғозини “ечаётгандек” пайпаслагиси келиб кетди. Бироқ ундай қилолмади, яланғоч елкасига кафтини босди холос. — Мунча… Мунча чиройлисиз, асал?!.
Қизга унинг дағал қўллари, вужудидан таралган ҳид ёқмади. Аммо кўзларига кўзи тушдию, синди. Онасининг гапини эслади: “Эркакнинг нияти кўзида бўлади, шунга қараб ҳаракат қил”.
— Чанқадим!.. — деди қиз ўзини ортга олиб.
Меҳмон ичимлик ахтарган, лекин тополмаётган одам кўйида бетоқатланди.
Шоҳруҳ қизга муздек шарбат тутди-да, ғойиб бўлди.
Меҳмон уни ўтқазди.
— Сал салқинланг! — деди курсига қўшиб қучволгудай.
“Кенойи” меҳмоннинг ҳолатидан мамнун эди: эримай ҳам кўр-чи! Кайфиятини кўз қараши билан эрига ҳам юқтирди. Ишораси ҳайдовчига ҳам етди — у шитоб телевизордаги тасвирни алмаштирди: тоғу тошлар оғушида денгиз чайқала бошлади. Тўлқинлари соҳилга урилиб, оҳиста ортига қайтади. Майин куй таралди, тоғлар ҳайбати сустлашди, тўлқинлар шашти сезилмай қолди. Борлиқда ел япроқни эркалагандай тароват.
Хўжайиннинг ишораси билан барчага қадаҳ улашилди.
— Ман тост айтмоқчиман! — деди “кенойи” ўрнидан туриб.
Меҳмон ўнг қўлида қадаҳ тутиб,чап кафтини қизнинг елкасига босди. У эса хайрхоҳона, ҳатто шаҳвоний боқди.
— Мана-де… — бидиллади “кенойи”, — дунёда миллиард-миллиард одам бор-де. Ҳаммасининг вераси ҳар хил. Например, руслар Аллўҳни бог, дейди. Уларда церковга бориш не обезательно-де. Эркинлик-де… Бизада бошқачароқ: ҳалиги нимайди?.. Рўмол ўра, мачитга бор…
Хўжайин унга норози нигоҳ ташлади: ҳадемай отинойи бўласан шекилли!
Меҳмон томоғи тақиллаб, бетоқатланганидан қизнинг елкасини беихтиёр қаттиқроқ мижғилади. Қиз энтикдию, парво қилмади.
“Кенойи” ошириб юборганини фаҳмлади.
— Ман нима демоқчиман? Главное, йурак тоза бўлсин-де. Аллўҳимга раҳмат! Эркин ҳаёт учун ичайлув!
Барча уни олқишлади.
Шароблар сипқорилгач, газагига пиво билан нордон емак берилди.
Куй авжланди.
Юзини бирпас фаввора салқинига тутиб турган қиз бирдан ўрнидан туриб, меҳмонга қайрилди.
— Ман сизни… нимайди… рақсга таклиф қиламан, — деди кўзлари чақнаб. — Ахир бу женская музика-ку.
Адойи тамом бўлган меҳмон бесўнақай тана аъзоларини қайга қўйишни билмасди. Рақсга уқуви йўқмиди, каловланди. Бироқ қиз саросимага тушишига изн бермади: йўғон, бақувват қўлларини оҳиста нозик белига ёпиштирди, кафтларини эса елкасига босди. Меҳмон унинг ҳаракатларига монанд тебрана бошлади. Биллур шиша идишни синдириб қўйишдан чўчиётгандек кафт-бармоқлари бўлакча титрар, не-не навниҳол қизларни оҳ урдирган одам ёш йигитдай ҳаяжонланарди. Аммо уларнинг нархи бўлганини ўйламасди… Ниҳоят юрак уриши меъёрга тушди. Нигоҳи бағридаги лолақизғалдоққа қадалди:
— Ишқилиб туш кўрмаяпманми?
— Йўқ, мана, турибман-ку. — Қиз унинг ёлдор кўкрагига юзини суйкамоқчи бўлдию, димоғига таниш ҳид урилиб, шаштидан қайтди. Тезроқ онаси айтган ишни бажариб олса бас. — Бизани иш нима бўлди? — деди муддаога кўчиб. — Адамлани бизнеси ўша пулга қараб қолди-де.
Меҳмон қизнинг ёрилганидан танида ҳузурли олов сезди.
— Ҳозир банкларга ҳамма осилиб олган. — Қўллари қизнинг белидан пастини сийпалади. — Кредит масаласи қийин. Сўраган кўп. Шу бирор ой ичида…
— Йўқ! — дея қиз ўтли нигоҳини қадаб, унинг кўксига кафтини босди. — Уч кун ичида ҳал қиласиз. Икки миллардни ўтказиб берасиз.
— Менга… менга нима тегади? — Меҳмон қиз қулоғининг юмшоқ жойига лаб босди.
— Айтганингиз…
Меҳмоннинг вужудидаги олов зиёдалашди. Шу ердаёқ… Бирдан унинг кўкрагидаги нарсага кўзи тушди: бўйнидаги тилло занжирга нимадир осилганди — япалоқ, ялтироқ.
— Нима бу?
Қиз хаёлларидан чалғиб, тақинчоғини кўз-кўзлагандай деди:
— Университетимизда ўқийдиган япон совға қиган-де. Уларнинг худоси эмиш…
Меҳмоннинг ичида нимадир қалқди. Шошиб қизни қўйиб юборди. Оғзини кафти билан тўсиб, нари отилди.
Хўжайин буни ўзича тушунди.
— Ҳов, Расул ака! — дея овоз берди ошхона ёққа. — Итларни чиқарворинг, меҳмон бир маза қилсинла.
Муҳаммадрасул ҳужра олдида серрайиб турарди. Хўжайиннинг гапидан ишнинг кўзи очилганини кўрган одамдай шаҳдланди. Бироқ мағзига етгач, тарвузи қўлтиғидан тушди.
— Тавба, овқат маҳали итга нима бор-ей!
Аммо хўжайиннинг амри бажарилиши лозим эди. Феълига аксил ғудраниб, итхона томон юрди. Ҳатто Дилшобдекнинг маъноли тиржайишига ҳам парвосиз ўтди. “Тошқалъа”га бошини суққан меҳмон ўқчиётгандай туюлди. Балки шунчаки оғиз чаяётгандир.
— Товусларни нима қилай? — дея сўради тўхтаб.
— Чиқаринг! Окамлага ёқади…
Итлар озод қилингани ҳамоно мағрур қоматларини кўз-кўз қилароқ шийпон тарафга чопдилар. Икки товус эса бу оламда улардан бошқа жонзот йўқдай ҳар ёна солландилар, олис-яқин шуълаларда йилтираган қаноту думларини ёйиб, силтаниб қўйдилар.
Юз-қўлини рўмолчасида артаётган меҳмонни яна шийпон сари ундадилар.
Хўжайин унга тавозе кўрсатаркан, ичида ёзғирди: хизматчиларни кўпайтирсам бўларкан, сочиқ тутишарди. Қўли кўксида жилмайди. Европаликлар базмга киришдими, бирор марта қўл ювишмайди. Сўрашишади, қучоқлашишади, ўпишишади, лекин ювишмайди…
— Қизим, сан меҳмоннинг ёнига ўтир!
Итлар шийпонгача чиқди. Балиқдай билтанглаётган “кенойи”га суйкалишди. Аёл уларнинг бошу жағларини чангалларкан, дастурхондаги энг танқис емаклардан бирини олиб, кафтида тутди. Итларнинг оғзи катта эди, бошларини тик тутганча емишни лунжларида айлантириб, гўё таомнинг таъмини билишга уринаётгандай чайнардилар.
Муҳаммадрасул “тошқалъа” ёнидан ўтаётганди. “Кенойи” билан итларнинг кепатасини кўриб, ёқа тутди: анвойи таомлар, мана, ким учун экан. Тавба, харом-ҳалолнинг фарқи қолмади-ку!..
Шоҳруҳ ликобларда қандайдир овқат келтирди-да, ҳамманинг олдига биттадан қўйиб чиқди. Ортидан мусаллас қуйди. “Кенойи” меҳмонга яқинлашаркан, қизининг юзу лабларини силаб, қулоғига шивирлади:
— Нима деса, йўқ дема, хўп!
Бу пайт итлар меҳмоннинг икки ёнбошида турар, суйкалмасдилару дастурхондаги нарсаларни ҳидлаб-ҳидлаб қўйишарди.
Меҳмон қўлларини елкаси қадар кўтариб, гўё иргангандай афтини буриштирардию, орада мезбонларнинг ҳурмати учун тиржайишни ҳам унутмасди.
— Итларингиз зўр экан! — деди ҳамон қўлларини муаллақ тутиб.
“Кенойи” итларни яна пайпаслади. Олдидаги бир тўрғам нонни четроқ суриб, ликобчадаги жигарранг емишдан икки дона олди.
— Булар дастурхонга рухсатсиз тегишмайди, — деди ифтихор билан кафтини итларга узатиб.
“Оқсуяк” жониворлар емишни биттадан лунжида қимтиб олиб, ямлашди.
“Кенойи” панжаларини меҳмоннинг елкасига босганда у сапчиб, ўрнидан туриб кетди.
— Келинг, бундершафт қилиб ичамиз! — деди қадаҳли қўлини аёлнинг чиғаноғидан ўтказишга уриниб.
У итлардан қочиб, “кенойи”га рўпара бўлди. Бошини орқага ташлаб, аёлнинг кўзларига боқди: ҳар ҳолда бу ит эмас, одам-ку! Сал дадиллашди. Қадаҳни лабига олиб борди. Бундершафт “кенойи”нинг бармоқларига яқинлашмасликнинг энг одилона чораси эди.
Шу пайт пастда — фаввора атрофида кезинган товусларнинг бири ғозга шогирд тушган қарғадай шанқиб юборди.
— Чиройли нарса-де, — деди Дилшодбек товадаги таомни ковларкан.
— Чиройли бўлмай қолсин! — Ярим девор ёнида турган Муҳаммадрасул умрида балки юзинчи бор ўйлаган ёки гапирган фикрини қайтарди: — Овози бирам хунук!..
— Эҳтимол бундаям Худонинг бир ҳикмати бўлса, ажабмас-де. — Дилшодбек товадаги емишни ликобчалардаги кўкатларга қориштириб, устидан кетчуп солди. — Ахир дунёда ҳамма нарса плюс-минус-ку…
— Гапингиз рост. — Муҳаммадрасул егуликларга ачингандай тикилди. — Шунча овқат-а! Ахир бу увол-ку, ука!
— Ҳе, ока, булар уволни… — Дилшодбек оғзидан чиқиб кетган гапдан чўчиб тушди. — Эртага итлар, товуслар бир маза қилади-де, ока, — деди бесаранжом типирчилаб, сўнг шийпон тарафга овоз берди: — Ҳов, Шоҳруҳ, манавиларни дастурхонга олиб бор!
Шоҳруҳ ҳайдовчи билан хиринглашиб турарди. Дилшодбекнинг овозидан сал ғаши келса-да, меҳмонга елкасини тираётган қизга умидвор кўз ташлаб, ошхона сари чопди. Янги таомни аввал меҳмоннинг олдига қўяркан, ликобчани жойлаш учун бояги бир тўрғам нонни четроқ суришига тўғри келди. Иккинчи ликобни узатаётганда қиздан таралаётган ифордан тебраниб кетди: бойларга маза-да! Чиройлилигини (бундан ортиқ таърифга тили келмасди) қаранг!..
Хўжайин ликобчага беписанд назар ташлади-да, Шоҳруҳга дўқ урди:
— Дастурхондаги ортиқча нарсаларни йиғиштириб ол!
Йигит патнисни чап биқинига тираб, хандон писта, бодом пўчоқларини, меваю ширинликлар пўстлоқларини, суяк, аллақандай кўкатларнинг ўзак-пояларини йиғиштиришга тушди. Меҳмоннинг ёнига келганда ликоб билан қадаҳ орасида қисилган бир тўрғам нон ҳам ортиқчадай туюлди-да, олиб, патнисга ташлади.
Меҳмон безовта эди. Ёнидаги сулувнинг вижир-вижир, бироқ ёқимли сўзлари қулоқларида айланардию, атрофга умидвор термулиб, гўё ниманидир қидирарди.
— Адамла айтдилаки, — суйкаларди қиз, — пулни икки-учта банкка бўлиб, ўтказиб берсангиз ҳам бўларкан. Майлими-и?!.
Шу пайт бедана сайради. Меҳмон кафти билан кўксини эзғилади: “ота-а”, деган нидо эшитилгандай бўлди…
Шўх мусиқа янграб, экранда белдан пастини силтаган ярим яланғоч жононлар кўринди. Қиз меҳмонни тортқилаб, ўрнидан турғазди. У ярашмаганроқ ҳаракатлар билан қизга “жўр” бўлди…
— Ома сизга беш кетдик, ока, — дерди Дилшодбек мудом қўли ишдан тинмай Муҳаммадрасулга. — Анови ҳайвонларнинг ҳаммасини ўзингиз боқасизми? Буёқда боққаям қарасангиз керак?..
— Ҳа-а!.. — Муҳаммадрасул ҳужраси тарафга қаради: хотинини қидирди. — Тирикчилик-да, ука…
— Бўтта иту товуслардан бошқаям ҳайвонлар борми? — Дилшодбек ҳаракатларидан гапниям, ишниям бирдай уддалаши мумкинлигини кўрсатишга уринаётгандай туюларди.
— Бо-ор… Оммалекин мусича минан қалдирғочни ҳеч кўрмадим.
Дилшодбек туйқус тўхтаб, унга синовчан назар ташлади-да, пичинг аралаш деди:
— Капалакни-чи?
Энди Муҳаммадрасул унга маъноли қараш қилди.
— Билмадим… Буни ўйламабман…
Кейин ҳамма нарса — овозлар, ранглар, буюмлар, ҳатто одамлар қоришиб кетди…
Меҳмонни кузатган мезбонлар ичкарида уйқуга ётдилар. Дилшодбек билан Шоҳруҳ ҳам лаш-лушларини машинага юклаб, жўнаб қолишди.
— Хафа бўлмайсиз-де энди! — деб қўйди Дилшодбек рулга ўтираётиб.
Жангдан кейинги майдон кепатасига кирган далаҳовли Муҳаммадрасулнинг нигоҳига тўлди. Эр-хотин қурол-яроғлару жасадларни йиғиштиришга тушдилар. Жониворларни қафасларига қамашди…
Тун ярмидан оққанда фақатгина фаввора шовулларди. Олам сокин. Олис-олисларда машиналарнинг товушлари эшитилади. Чигирткалар чириллади, ҳатто аллақайда бедор чумчуқ ҳам чирқиллади… Ичкаридан хўжайиннинг йўтал аралаш от каби пишқиргани, аёл кишининг босинқирашдек энтикиш-ғўлдираши энди-энди ела бошлаган эпкинга қоришди. Дунё топ-тоза, ўйлади Муҳаммадрасул, фақат биз — одамлар уни булғаймиз шекилли-да. Тавба, шунча маломат мусулмон одамга ярашурми? Ўзинг ноқис бўлсанг, башарни айбламоқ нечун?! Ундан кўра, таҳоратимни янгилаб, таҳажжуд ўқий… Бағри ҳаприқиб, осмонга боқди: юлдузлар мўл. “Мен — зўр, сен — зўр”, дегандай чарақлайдилар. Уларга қўшилгинг келади. Юлдузлар аро бир тилим нур кўринди. Чойнинг пиёла гардишида жилваланаётган шуъласига ўхшайди — шу қадар нафис! Ҳилол!.. У пичирлаб, дуо ўқиди-да, юзига фотиҳа тортди:
— Олам шундай қолсайди!..
Бомдоддан сўнг “тошқалъа”дан сув олиб қайтган хотини кўзлари ола-кула деди:
— Дадаси, анови ерда ростданам яланғоч одам бор! Тавба қилдим!.. Қулочини кервоган! Ё Оллоҳим-ей!.. Кетайлик, дадаси!..
Тонг тароватидан руҳи тиниқлашган Муҳаммадрасул беихтиёр дарвоза томонга қаради: очиқ эди…