Тупроқ

Пешиндан сўнг дўкондаги юмушларни катта ўғли ва шогирдларига қолдириб, уйиға қайтди. Аслида уйга мўлжаллаб қўйган зарур иши ҳам йўқ эди-куя, лекин негадир кўнгли шуни ихтиёр этди. Эҳтимол бир оз дам олгиси келдими…

Ҳали пойабзалини ечмасидан муслимагина хотини беозоргина сўзланди:

— Сиз кўнгилчанлик қилиб индамовдингиз, чек (янги берилган томорқа)даги нариги қўшнимиз еримиздан бир метр қўшволиб, уй солувди. Энди беригисиям ашна қилиб бетўн қуйиб қўйибди…

У тўхтаб, хотинига ўгирилди:

— Қўйсангчи-ей, онаси, жа унчалимасдир, — деди хотини тўғри гапираёттанини билиб турганидан кўнгли хижил тортиб.

— Ишонмасайиз ўтиб, бир кўринг. — Мол аччиғи — жон аччиғи бўлганидан муслимагина аёлининг ҳам овозида хиёл зарда сезилди.

— Майли, ўтсам ўтей! — дея аёлининг зардасини сезмаганликка олди-да, салмоқли қадамлар билан ҳовлининг этаги томон юрди.

Ҳовлининг адоғида каттакои зовур бор эди. Унинг устига эски тахтадан омонат кўприк ясаб қўйилган. Зовурнинг нариёғидаги бир неча гектар ер одамларга томорқа қилиб, бўлиб берилганди.

Унинг ҳам икки ўғли бўлганидан, ақлли кишиларнинг маслаҳати билан аллазамонда хўжалик раисининг номига ер сўраб, ариза бериб қўйганди. Яхши қилган экан, шу баҳона ерли бўлиб қолди. Бунинг устига омади чопиб, чек шундоққина уйиға яқин жойдан тегди. Ҳар ҳолда тез-тез кўз-қулоқ бўлиб туради. Қуруқ ернинг нимасига кўз-қулоқ бўлади, дерсиз. Йўқ ери ҳозир қуруқ эмас, мол-ҳол учун маккажўхори эқиб қўйган. Бир ёнига уй қуриш учун кўтарма қилиб, қўшниларга соя солмайдиган томонига қатор терак ўтқазган.

Янги чеқдаги чап ён қўшниси анча эски савдогарнинг ўғли. Отаси «бақувват» бўлганидан бир йилдаёқ уйни тиккалаб, ўғлини олиб чиқиб қўйди. Ҳнг қўшниси эса ўқитувчи. У ҳам бир неча йилдан буён уй қуришга ўринмаётган эди. Шунақа, ҳозирги замонда тирикчиликдан ошиниб, уй қуриш осонми. Ахир ўзи ҳам туппа-тузук ҳунарманд бўла туриб, катта ўғли вояга етиб қолганига қарамай, уйга ошинолмаяптию. Кичиги ҳам шаҳарда лицейда ўқияптн — ўн олтига кирди. Бўлмаса, ҳунари жуда унақа касод ҳам эмас, дўконидаги ишлари бинойидек юриб турибди. Аслида-ку, яхшиям ота-бобосидан мерос — ўлмайдиган шу ҳунари бор, шукронадан толмайди. Ахир не оғир кунлар ўтмади юрт бошидан. Мана, энди-энди уй қуришлар, тўй-томошалар аста-секин кўпаймоқ-да. Ажабмас, унинг ҳам топганига барака бериб, ниятларига етса.

У омонат кўприкдан ўтиб, бир нафас тўхталди-да, атрофга назар солди. Ҳа, яқин-яқинларда ҳам бу ерда янги уйлар қарийб йўқ эди. Энди эса ҳаккам-дуккам бўлса-да, қаторасига уйлар кўзга ташланади. «Мусулмончилик аста-секин», деганлари шу-да, хаёлидан ўтди унинг. Ўнгга қайрилиб, зовур бўйлаб юраркан, сувга қармоқ солиб ўтирган болага кўзи тушди. Ишқибозлик-да, қаранг, эринмай қармоғига термилиб ўтирибди, ёнидан одам ўтганини сезмадиям, шекилли. Тавба, шу зовурда балиқ бормикин-а? Ҳалиги, чавақ-мавақлар бўлса керак-да.

Ўз кўчасига бурилди. Аслида бу номигагина кўча эди, ўйдим-чуқур, четларини ўт-ўлан босган, баъзи жойларида эса ёнбошдаги ариқчадан сув тошиб, кўлмақлар ҳосил бўлган. Ана, уч-тўртта турфа ранг товуқлар тимирскиланиб, нималарнидир чўқилаб юрибди. У ҳали ўз томорқаси рўпарасига етмаёқ ўнг қўшнисининг янги қуйилган бетон пойдеворига кўзи тушиб, хотининииг гапи рост эканлигига ишона бошлади. Уч-тўрт кун буёғида чекига ўтмаганди, дарров улгуришибди-да. Ўз кўтармаси устида туриб, қўшнисинииг ҳали тиргак-тахталари ҳам олинмаган бетон-пойдеворига тикилди. Чиндан ҳам у томонга ярим метрдан ортиқроқ ўтказиб қўйибди. Унинг бағрида алами қоришиқ — изтироб пайдо бўлди. Юзингда кўзинг борми, демабди-я. Тағин ўқиган одам — домла! Сўнг деворлари чиройли оқланган, деразалари бўялган сўл қўшнисининг уйи томонга ўгирилди, Аввал бу¬ниси бир метр ерини «уриб» олганди. Индамади, ҳатто, писанда ҳам қилмади. Инсоф бериб қолар, ахир ўғлимга қўшни бўлади, деди. Қўшнига озор бериш — яхшимас. Кейин-кейин озгина ер билан бирон жойим камайиб қолармиди, деб қўя қолди. Бировнинг еридаи бир метрни «уриб» олган қўшни эса пинагини ҳам бузмади. Энди буниси юзсизлик қилибди. Унинг чинакамига жаҳли чиқа бошлади. Кетма-кет истиғфор айтиб, думбул солиб қолган маккажўхориларининг атрофини айланди. Терақларини кўздан кечирди. «Тавба, бу ўзбек деганлари ерга тўярмикин-а?!, — ўйларди у асаблари қақшаб. — Қачон қарама, ер талашади, ер ўғирлайди. Ахир ҳаммамиз бир қулоч ерга бориб, тупроққа қоришиб кетамиз-ку. Ё одам боласи тупроқдан яралиб, охир-оқибат тупроққа аралашиб кетиши рост бўлганлиги учун ҳам шу қадар ўнга боғланиб қолганмикин-а? Айниқса, бизнинг ўзбеклар. Эҳҳе-е, бу тупроқ!.. Манови қўшнилари тупроқ, она тупроқ не эканлигини билишармикин?!..» Шу пайт беш йил бурун қазо қилган раҳматли отаси ёдига тушди. Отаси ҳам оддий косиб эди. Бироқ диний ва дунёвий илмлардан бохабар, тақволи одам эди. Умуман унинг ота-боболари оддий косиб ўтган бўлсалар-да, шўро замо-нида ҳам, ундан авваллари ҳам имонларига асло хиёнат қилмаганлар.

Ўшанда (шўро замонида) у Алихонтўра Соғунийнинг «Туркистон қайғуси» китобини (арабий имлода битилган қўлёзмасини) ўқиб ўтирарди. Отаси буни кўриб, ўғлини олқаган ва Ватан, она тупроқ ҳақидаги ажиб бир воқеани айтиб берган эди.

— Аср бошидаги очарчилик йиллари экан. Косибларнинг ҳам бозори касодга учраган. Бу ёғи оқпошшонинг зулми кучайиб, «мардикор олди» сиёсатини бошлаб юборади. Раҳматли қиблагоҳим ҳам ёш бўлишига қарамай, «ҳатга» тушиб қолади. Ўшанда энам (отамнинг онаси) раҳматли бир халтачага ҳовлимиздаги тупроқдан солиб, отамнинг бўйнига тумор қилиб осиб қўяди. «Киндик крнинг тўкилган тупроқ омон сақлайди, ҳам юртингга тортиб туради», дейди йиғлаб. Шундай қилиб, отам жўпаб кетади. Кейинги воқеаларни отам ўша ёқлардан омон қайтиб, биз туғилиб, гап тушунадиган бўлганимиздан кейин айтиб берган. 

Хуллас, қиблагоҳим ўрмон кесиб юриб, қиш чилласида бепоён ўрмон ичида ёлғиз ўзи қолиб кетибди. Қор дегани одамнинг тиззасидан келаркан. Совуққа эса тоқат қилиб бўлмаскан. Қорни оч, егани ҳеч вако йўқ. Бечора ўрмон четини излаб, ўзини ҳар ёққа урибди ва ҳолдан тойиб, йиқилиб қолибди. Шу пайт кўксига беозор ботиб турган нарса — тупроқли тумори ёдига тушибди. Увишиб қолган қўлини бир амаллаб қўйнига тиқиб, халтачани олибди. Тана тафтидан иссиқ ҳолга келган тупроқ¬дан бир чимдим олиб, оғзига ташлабди. Отам раҳматли ўшанда кўзларида ёш билан: «Тупроқни чайнарканман, жонивор ҳечам ғичирламади. Шунақаям мазали туюлдики, гўё эндигина тандирдан узилган ноннинг таъми келарди…», деганди.

Отаси ҳам ўз ҳикоясининг шу жойиға келганда беихтиёр йиғлаб юборди-да, бир муддат гапиролмай қолди.

— Отам бечора тупроқни узоқ чайнабди. Чайнагани сайин танасига иссиқлик югуриб, ўзида қувват сезаверибди. Кейин тупроқни ютиш учун қор ебди. Шундай қилиб, ҳар тўхтаганида бир чимдим тупроқни ямлай-ямлай, одамлар яшайдиган ерга етиб, омон қолган экан. — Отаси сўздан тўхтаб, бирпас ўйга толди, сўнг билинар-билинмас хўрсинди-да, гўё ўзига гапираётгандай деди: — Энди эса ҳаммаси айниб кетди!..

Ўшанда отасининг нима демоқчи эканлигини тушунмади. У она тупроғини ея оладиган одамлар қолмади, демоқчи бўлдими ёки тупроқ айниб, еб бўлмайдиган аҳволга келди дедими, билолмади.

— Она-Ватанини, она тупроғини яхши кўрган одам бунақа китобларни ўқиб туриши керак, — деди кейин. — Фақат эҳтиёт бўл, замон нозик. — Отаси яна бир хўрсинди, энди армонли хўрсинди. У кишининг армонини эса йиллар ўтгач, тушунди — бу юрт, миллат қайғуси экан.

Маккажўхорилар сувсаб қолибди, эртага суғормаса бўлмас. У ортига қайтиб, қўшнисининг янги қуйилган бетон-пойдевори ёнидан ўтаркан, афсус билан бошини чайқади. Ҳай, майли, Аллоҳ дилига солиб, инсофга келиб қолар, дея ўйлади ўзига-ўзи таскин бериб.

Аср намозига ҳозирланаётганда хотини ёдига солди:

— Эртага ўғлимизни мактабида ота-оналар мажлиси бор-а, эсиздами?

Ҳа, дарвоқе, эртага кичик ўғли ўқийдиган лицейда мажлис бўлиши керак эди. Яхшиям эркақларнинг бахтига аёллар бор — бир нималарни ёдга солиб туришади. Бўлмаса, эсларини йўкртиб қўйишлари ҳеч гапмас.

Буларнинг авлодида биров бунақа замонавий ўқишларда ўқимаган. Шу кичик ўғли астойдил бўлиб қолди-да. Мактабда яхши ўқиди, инглиз тилини ҳам крйиллатади, ҳам буёқда диний илмлардан, арабий тилдан ҳам бохабар. Тўққизинчини битирдию шаҳардаги академик лицейга кираман, деб туриб олди. Болам, унақа ўқишларга пул бериб кирилса керак, менинг ортиқча пулим йўқ, дея қайтармоқчи бўлди, кўнмади. Қуръон ўргатган домласининг ўша лицейда таниши бор экан, гаплашибди. Ўзбеклар ҳам дунёга чиқсин, чиққандаям зўр бўлиб чиқсин, сен албатта ўқишинг керак, дебди. Барака топсин, мана ўша одам баҳона боласи ўқишга кириб қолди.

Мажлис айтилган вақтдан кечроқ бошланди — ота-оналардан тағин келиб қолишар, дейишди. Чунки ўша пайтгача ҳам кутилганларнинг ярмидан кўпроғи келдилар, холос. Бир хонада жам бўлдилар. Ота-оналарнинг орасида ҳижобдагилардан тортиб, шим ва алламбало кийимларни кийган аёлларгача ҳамда маҳси-калишлию бўйинбоғли эркакларгача бор эди. Мажлисни гуруҳ раҳбари — ёшгина йигит очди. У салом-аликдан сўнг, энг аввало, болаларнинг бахоларини ўқиб берди, гуруҳдаги ўрни, хулқи ҳақида гапириб ўтди. Бир боланинг номи тилга олинганда, нариги четдаги қаторда ўтирган, ихчам рўмоли остидан жингалак сочлари чиқиб тўрган аёл бидиллади:

— Хулқи қанақа, хулқи?

— Хулқи яхши, аммо, — домла бир тўхталиб, жилмайди. — Кўпчилик ўқитувчилар ўғлингизни кўп гапиради, дейишади.

— Уйдаям шунақа, — деди аёл домланинг гапига парво ҳам қилмай. — Ҳамма нарсага қизиқади-да. Оммалекин ўқиши яхши-а?

— Яхши-яхши.

Аёл яна нимадир демоқчи бўлувди, домла гап бошлаб юборди.

Боласи ўзига ўхшаркан-да, хаёл қилди у хиёл жилмайиб, аёлнииг ҳаракатларидан сергаплигини сезиб. Мана, ниҳоят ўғлининг номи тилга олинди — юраги «шиғ» этиб кетди. Нима деркин? Худога шукр, ҳамма баҳоси беш, гуруҳда биринчи ўринда экан. Ҳатто, инглиз тилидан бошқа болаларга ёрдам ҳам бераркан. Унинг вужуди эриди, бу гаплар бирам хуш ёқдики.

— Аммо намоз ўқиркан, — деди домла гўё ўта ҳавфли ва сирли бир гапни айтаётгандай овозда. — Шўнга…

Вужудидаги ҳалиги ҳузур таққа тўхтадию, чўчиб тушди. Нима десин? Бизнинг уйда ҳамма намоз ўқийди, десинми? Унда ваҳобийга чиқариб қўйишса-чи? Шундоғам ҳамма ўнга тикилиб турибди. Ваҳобийларни улгудай ёмон кўришини, улар туфайли динимизга катта путур етганлигини буларга қандай тушунтиради? Тушунишмаса-чи? Ахир ҳамма мусулмонлар ҳам унақа эмас-ку?.. Ана, домла ўнга ҳамон савол назари билан қараб туриб¬ди. Ўғлига зиён етмаса бўлди.

— Бўпти, намоз ўқимайди, айтаман, — деб юборди беихтиёр. Дейишга дедию, кўксида бир нарса қалқиб кетди. Ахир ёлғон гапирди-ку. У-ку ўлиб қолса, ўғлига бунақа буйруқ бермайди-я, агар берса ҳам, ўғли намоздан ҳеч қачон воз кечмайди — буни аниқ билади.

— Йў-ўқ, у замонлар ўтиб кетган, ака, — деди дом¬ла мубҳам оҳангда. — Майли, уқийверсин. Фақат эрталаб-кечқурун ўқиса бўлар.

— Хўп, айтаман, — деди у шошиб.

Гуруҳ раҳбаридан кейин факультет декани сўз олди. У лицейнинг тартиб-кридалари, ўқитиш ишлари ҳақида анча гапирди.

— Менда бир гап бор, — деб қолди декан гапини тугатар-тугатмас, унинг ортида ястаниб ўтирган оқ-сариқдан келган, пешанасида сочи сийрак одам ўрнидан ҳам кўзғалмай.

— Марҳамат, — деди тик турган декан унинг ялпайиб ўтирганига парво қилмасликка ўриниб. Аслида ҳали биронта одам тик туриб гапирмаганди.

— Компьютер хонасида шуғулланиш ограниченний экан. Менинг ўғлим компьютерда ишлашни яхши кўради. Менимча, компьютер хонасини доим откритий қилиш керак.

— Сиз айтган ишни қилишга бизнинг имкониятимиз йўқ. Чунки ўнта компьютеримиз бор, холос. Шунинг учун барча гуруҳлар белгиланган муддатда у ерга киришади.

— Яна бир гап, — деди ҳалиги одам бамайлихотир. — Қайсидир домла китоби йўқ болаларга папаряд двойка қўйиб чиқибди.

— Бу бўлиши мумкин эмас, — деди декан қатъий. — Масалан, мен тарихдан дарс бераман. Бироқ қарийб тўқсон фоиз болада китоб йўқ. Кимматлик қиляпти шекилли-да.

— Аши китобни тополмаяппиз-да, — гапга қўшилди бояги жингалак сочли аёл. — Ўзийз топиб берсайиз, пулини берардик.

— Мен топиб беришга ваъда беролмайману, аммо янги шаҳардаги китоб дўконида бу китобни кўрдим, шекилли.

— Номи нимайди? — аёл крғоз олиб, ҳафсала билан ёзишга тушди.

Декандан сўнг директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлмиш аёл гапирди. У ётоқхоналарга ҳам масъул экан. Аммо директор ўринбосари сўзини жуда қисқа қилди.

Шу пайт ўрта қаторда ўтирган, бошига дўппи, оёғига махси-калиш кийган у тенги одам сўз сўраб, қўл кўтарди. Рухсат бўлгач, ўрнидан туриб, деди:

— Мен мажлисгача қизим минан бирга ётоқхонасини айланиб чиқдик. Билсам, санузеллари ишламас экан. Қизлар кечаси лицейнинг ҳов чеккасига боришар экан. Ке-чирасизлару, биз сизларга қизларимизни ишониб топшириб қўйганмиз…

У санузел деганини аввалига тушунмади — радио-падиомикин, деб ўйлади. Кейинроқ гапнинг пайновидан билдики, сўз ҳожатхона ҳақида кетаётган экан. Тавба, одоб, шарму ҳаё билан гапириш учун ҳам ўрис тили керак экан-да, а. Ахир шуни ўзбекча айтса ҳам бўлади-ку! Боринг, ана, ҳожатхона дейиш қўпол туюлса, «ҳовли», «ҳаложой» ёки «таҳоратхона» деса ҳам бўлар. Майли, ҳар ҳолда андишали одам экан, аммо тилни ҳам… Бир куни дўконига келган ҳожатмандлардан бири бунинг бутунлай тескарисини айтган эди: эмишки, шаҳарлардаги бир-бири билан зино қилмоқчи бўлган эркагу аёллар, аввало, оз-моз ичимлик ичарканлар ва сўнгра ўрисча гапира бошларкан-да, ўз муддаоларига ҳам ўрис тилида «шартнома» тузарканлар. Яъни бузуқлик йўлида бузуқ гапларни ўзбек тилида айтолмас эканлар. Ана, энди бу жумбоқнинг тагига етиб кўринг-чи!..

ҳўллас, директор ўринбосари «санузел»ларни ишлатиб қўйишга ваъда берди.

Миқтидан келган инглиз тили ўқитувчиси сўз олганида мажлис аҳли жонланди. Ота-оналар куйиб-пишиб саволлар ёғдира бошладиларки, гўё ўз фарзандларининг тақдири  айнан  шу тилни билиш ёки билмасликларига боғлиқдек эди.

— Инглиз тили китоби нимча (намунча) қиммат? — деди аёллардан бири.

— Бу дарсликлар ўзбек тилидаям чиқадими? — сўради яна кимдир.

Олдироқда ўтирган, юз-кўзи ва талаффузидан ўрис ёки татарга ўхшаган аёл ийманибгина деди:

— Мининг кизим ўрисча ўқиган. Но ўзбекча ўрганаман, деб кизикади. Ну, как?

Гуруҳ раҳбари билан инглиз тили ўқитувчиси бир-бирларига бирров қараб олишганидан, улар бу аёлнинг қизини жуда яхши танишларини англаш мумкин эди. Саволга эса гуруҳ раҳбари жавоб қилди:

— Қизингизнинг ҳаракати яхши, анча-мунча ўзбеклардан тузук гапиради, — дея жилмайди домла.

— Ракмат, — деб қўйди аёл оҳиста.

— Инглиз тилидан қўшимча ўқишларни кўпайтирса бўлмайдими? — сўради ўғли кўп гапирадиган жингалак сочли аёл.

— Ҳафтада икки кун тўгарагим бор,  — деди инглиз тили ўқитувчиси. — Агар қўшимча хоҳловчилар бўлса… — У «буёғи пуллик» демоқчи бўлди-ю, лекин айтолмади. 

— Майли, пуллик бўлса ҳам, — деб юборди аёл. Аммо ҳеч ким унинг гапини маъқулламади.

— Менинг ўғлим рус мактабда ўқиган, — дея тағин гапга тушди ҳалиги оқ-сариқ одам. — Ўзбекчани яхши билмайди. Ну бу нормалний нарса. Силар боладан ҳадеб ўзбекча сўрамай, унинг билимига баҳо қўйинглар. Ёки английски сўранглар. Болани қийнаш яхшимас-да. 

— Барча ўқитувчилар, Худога шукур, ўзбекчаниям, ўрисчаниям яхши билишади, — деди инглиз тили ўқитувчпси бамайлихотир. — Болангиз хоҳлаган тилида жавоб бераверсин. Мана, биз инглиз тилидаям эшитаверамиз. — У ўз ҳазилидан мамнун жилмайиб қўйди.

— Тўғри-да, ўзбекча билан не куда не дойдёт. Вот кўпгина зарубежний или современний фирмаларда боллар уч-тўрт юз қоллардан пул олиб, маза қилиб ишлашяпти. Ўзбекчада бунақа ишлолмайсиз.

Ота-оналарнинг кўпчиликлари бу гапни маъқуллашиб, ғўнғир-ғўнғир қилиб қўйишди ва ҳатто, бу одамнинг ўта «современний»лигига ҳавас қилаётганликларини ҳам яширмадилар.

— Бу гап тўғри, — деди ўз фани обрў топаётганидан ҳузурланган инглиз тили ўқитувчиси. — Замон инглиз ва рус тилларини талаб қилмоқда. Ўзбек тилида ҳеч нарса йўқ (фанга оид адабиётлар демоқчи). Шундай экан, истаймизми-йўқми, шу иккала тилни билмасдан узоққа боролмаймиз.

Унинг бағри ўртаниб кетди: ахир биз она тилимиз яна бир тилга муте бўлсин, деб шўро зулмидан қутулганмидик?! Жон, биродарлар, дерди унинг юраги ловуллаб, она тилини билмаган, ҳалқини севиш тугул писанд этмаган одамнинг ўз юртига нафи тегиши мумкинми?! Бу не кўргилик ахир! Ўз она тилини билмаслик уят бўлмасаю!.. Шуунча кутди, биронта одам боламни ватанпарвар қилиб тарбияланг, ўз Ватанини, ҳалқини севсин, она тилини севсин демади-я. Бу нима деган гап ахир?! Ё ўзи гапирсинми? Йў-ўқ, у гапирса, ҳамма кулади, бунақа чиройли гапни ким қўйибдн бу қишлоқига, дейишади. Ёки ўғлининг намоз ўқиши эсларига келиб, ҳали диндан гапирувди, энди тилдан тушди, нима бало бу ростдан ҳам «ҳалиги»ларданмикин, деб қолишлариям мумкин. Унда ўғлига қийин қилиб қўяди. У кўксини чангаллади, ё Аллоҳ, бизнинг миллатга нима бўляпти ўзи? Озодлик дедик, тилимиз давлат тили бўлсин, дедик. Мана ўша озодлик, мана ўша давлат тили бўлган тил. Ўзимиз эса ҳамон бу аҳволдамиз… Киприкларининг ости жизилларкан, яна отаси раҳматлининг гапи ёдига тушди: «Энди эса ҳаммаси айниб кетди». — Ҳа, бобоси оқпошшонинг, ота¬си билан бу эса шўронинг зулмидан қўрқиб яшадилар. Хўш, ўғли кимдан қўрқиб яшасин? Ўзиданми?.. Ахир у миллати учун дунёга кўз тиккан-ку!

Шаҳардан дилгир қайтди. Пешин намозини кечроқ ўқиб, муслимагина хотини эсига солмаса ҳам маккажўхориларни суғориш учун чекига йўл олди. Зовурдан ўтиб, ўз кўчасига қайрилибоқ бетон пойдеворининг тахта-тиргақларини чиқараётган ўқитувчи қўшнисига кўзи тушди. Ўша атрофда тимирскиланиб юрган товуқлар у яқинлашаркан, ҳурқиб, нарироқка кетишди.

— Ҳорманг, қўшни! — деди ўзини енгишга уриниб. Қўшниси бошини кўтариб, у томонга қаради.

— Ие, уста, саломат бўлинг. Бормисиз-ей?.. — У қўлидаги тешани ўша ерда қолдириб, бу ёқка ўтди. — Сизни кутовриб…

— Ҳа, тинчликмиди?..

Кўришдилар.

— Тинчлик-тинчлик. Бетон қуйишдан олдин ўртамиздаги чегарага ўзиз крзиқ крқиб беринг, девдим-да. Анови савдогар ериздан қўшиб олиб, дилизи оғритовди, шўнга.

— Қуйиб бўпсизу, — деди у «ўлиб қолмовдимў, деган оҳангда.

— Ҳа, қуйиб бўлдик, раҳмат. Роса кутдим, чикрврмовдингиз… Қалай, крзиқни тўғри крқибманми, чегара жойидами?

— Ҳм-м, — деди у бундай юзсизликдан юраги зириллаб. Сўл ёқда яп-янги қимматбаҳо спорт кийими кийган савдогарнинг ўғли кўринди.

— Шу болани жа ёмон кўраман-да, — дея ғўлдираб қўйди домла.

— Ассаломалейким, — дегач, йигит келиб, аввал домла билан қуюқ кўришди:

— Омонмисиз, домла, қурилишлар билан чарчамай? — У тўйиб мазали таом еганидан кўкрагини кериб, ҳузур билан кекирди. Атрофни ачимсиқ арақ ҳиди тутди.

— Ўзингизам тузукмисиз?  — деди домла сохта тиржайиб.

Йигит энди ўнга қайрилди.

— Сиз қачон уйга уринасиз энди? — дея сўради ҳазиломуз оҳангда.

— Ошинолмаяппиз-да. Худо хоҳласа, янаги йилга. 

— Ашна деманг-ей! Косибларда пул кўп бўладию. 

— Бўпти мен ишимни қилай? — домла шошиб томорқаси томон ўтиб кетди.

— Бети йўғди қаранг, — деди у кетиши билан савдогарнинг ўғли шипшиб. — Қанча еризи қўшвопти. Тағин ўқитувчимиш. Домласи шу бўгандан кейин у ўқитган боллар нима бўларди.

«Сизга ўхшаган бўлат-та», демоқчи бўлдию, деёлмади, кесатиш мусулмон одамга ярашмайди.

— Мени кутибдию, чикрврмаганимдан кейин… — у гапи сохта чиқаётганини сезиб, тўхтади.

— Қаёқда кутади, уста ака, атейлаб йўқ кунийзи пойлаган… Бўпти, мен борай. Юринг, чой қибберай. — Йигит ит қувгандай шошиб, уйиға кириб кетди.

У эса ариқчадан томорқасига сув очди, сўнг эгат бошларини кўздан кечириб, сув кираверадиган қилиб қўйди. Шу пайт бир сичкрн «лип» этиб ров кўриндию зумда ғойиб бўлди. «Ҳа, маҳлуқ», деб қўйди у бир оз кўнгли яйраб. Кейин кўтармасининг устига қайтиб, ўзича нималарнидир чамалади. Кечаги балиқ тутаётган бола қўшнининг бетон пойдевори ёнида юрарди, чувалчанг ковларди чоғи. Ҳа, ана қўлидаги темир билан ерни ўйди. Бирдан нимадир эсига тушиб, зовур томонга югуриб кетди. Бундан фойдаланган дайди товуқлар бола чиқариб қўйган бир нечта чувалчангни чўқиб қочишди. Бола эса чувалчанг соладиган идишга кетган экан, қайтиб келиб, яна хўрак ковлай бошлади.

У кўтарманинг офтобшувоқ ерига чўнқайди. Яна отасининг гапи ёдига тушиб, оёқлари остидаги қуп-қуруқ тупроқдан бир сиқим кафтига олди. Оқ-сарғиш тупроқка тикилди. Бобом раҳматли шуни еганмикин-а? Мен-чи, мен ея оламанми? Ё бунинг учун оч қолишим керакми? Аввал тупроқни ҳидлади — чучмал туюлди. Тағин қўли¬ни узоқроқ тутиб, тупроққа термилди. Сўнг ўнга лабларини босди. Қаттиқ босди, тупроқ зарралари лабларига ёпишиб қолди. Кўз олдидан эса бобоси, отаси, катта энаси ва онасининг сиймолари ўтиб, киприкларининг ости ачишди. Юраги симиллаб, бўғзига йиғи тиқилди. Шу пайт самода қандайдир мардона қуш «қияғқ» деб қийқирди. У туйқус қайрилиб, ёшланган кўзлари ила осмонга боқиши асносида, қушдан қўрқдими, маккажўхоризордан чиққан бир сичкрн савдогарзода қўшнисининг деворидаги ковакка ўзини урганини кўрди. Тепада эса қанотларини баралла ёзиб, улкан бир қуш парвоз этар ва гоҳ-гоҳида «қияғқ» дея ҳайқириб қўярди. У бўйин пайларини охиригача чўзиб, бошини кўтарганча осмонга тикилди. Бу қушнинг номини нима дейишарди-я? Сормиди-ей? Ёки қийғирми? Нима бўлгандаям қушларнинг зўрларидан-да! Бу ёқларда йўқ бўлиб кетувди, тағин қайтибди-да. Ҳа, майли, яхшиликка бўлсин. Энди бу бўстонга қушларнинг зўрлариям керак. Осмонга узоқ тикилганидан, бўйни тортишиб, томоғи қуруқшади. Ютинмоқчи бўлди, аммо ютинолмади. Қушнинг парвозидан кўзларини узгиси келмай, ўша кўйи лабларини қимтиди-да, ич томоннини тили билан ялади. Оғзида сўлак тўпланиб, қийналиб, «ғилқ» этиб ютинди. Ё Аллоҳ! Бўғзида ажиб бир тотли таъм пайдо бўлди, худди тандирдан янги узилган ноннинг таъмига ўхшарди у…

2004 йил.