Уруш нима? Эҳтимол ушбу тамсил уни шарҳлаб берар: болалигида қарийб барча ўғил болалар чўзма (рагатка) ўйнайди. Чўзмани тош билан «ўқлаб», дарахтлар оралаб оҳиста қадам ташлайсиз. Кўзлар дарахтларнинг шохларида — чумчуқни пойлайсиз. Ниҳоят чиройлигина бир чумчуқ кўзингизга илинади. Уни чўзманинг айриси орасига олиб, пича мўлжаллайсиз-да, отасиз. Қуш ерга қулайди. Жон талашиб, роса типирчилайди. Бу ҳолатга қарагани анча-мунча одам бардош қилолмайди. Чунки у ўлимнинг аянчли суратидир.
Урушда эса, одам одамни овлайди. Тасаввур қиляпсизми, қўлига қурол олиб, ўлдириш учун одам одамни овлайди. Ҳа, ўша — Оллоҳ сайлаган, суйган, ўзимиз эса, коинот ақл-тафаккурининг гултожи дея таърифлаган, қалб ва руҳининг имкониятлари ҳақида оғиз тўлдириб сўзлаганимиз одам. Уруш кўрган бўлсам-да, бу нарсани ҳеч сингдиролмайман ва у шууримда айланаверади-айланаверади, лекин асло қабул қилолмайман. Ўқ тегиб қулаган инсоннинг жон талашиб типирчилаши бўлса, чумчуқникидан юз, минг карра аянчлироқ, даҳшатлироқ.
Уруш балоси инсониятга ибтидодан йўлдош бўлиб келади. Узоққа бормайлик, ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳадиси шарифларида ўша замонда уруш ҳаром қилинган кунлар, ойлар ҳақида гаплар бор. Демак, одамзот шу қадар кўп жанг қилганки, ҳақ дин пайғамбари маълум кун ва ойларда уни тақиқлашга мажбур бўлган. Қаранг, одам бир-бирини ўлдиришга шу қадар ўч!
Хўш, инсоният қачон урушга киради? Аввалда майда-чуйда қабилалар бир бурда нон, ўлжа ёки умуман ўзининг зўрлигини исботлаш учун урушган бўлсалар, миллатлар, давлатлар юзага келгач, энди урушлар босқинчилик тусини олди. Шунга яраша қурол-яроғлар ҳам такомиллашиб борди. Ўзаро урушлар ойлаб, йиллаб, ҳатто бир неча давлатлар иштирокида давом этадиган бўлди. Бу урушлар бир давлатнинг бошқа бир давлат устидан ҳукмронлик қилиш, бойликларини талаш, ерларини қўшиб олиш, бора-бора оламга эга чиқиш ниятларида амалга оширилган. Гоҳо икки мамлакат ҳукмдорларининг ўзаро низоси (аёл, от ёки насаб талашиб) туфайли ҳам уруш бошланаверган.
Урушларнинг энг даҳшатлиси ва узоқ чўзилгани иккинчи жаҳон уруши ҳисобланади. Унда 50 миллиондан ортиқ одам қурбон бўлган. Фашистлар қилган ваҳшийликларнинг маълум бўлаётган янги-янги тафсилотлари ҳамон инсониятни даҳшатга солмоқда. Одам боласининг шундай ёвузликларга қодирлиги, ҳарчанд уринмайлик, рисоладаги ақлга сиғмайди. Фашистлар аёллар, болалар, қарияларни турли усулларда тириклайин ёққан, кўмган, газ камераларига солган, осган, отган. Инсон терисидан, бош чаноғидан, сочидан турфа буюмлар ясашган. Лабораторияларда тирик одамлар устида ваҳшиёна тажрибалар ўтказишган ва ҳоказо. Фашистлар давлатида инсон боласини турли усулларда ўлдириш, қийноққа солиш бўйича бутун бир тизим ва кўрсатмалар яратилган. Буларнинг барини одам, ҳа-ҳа, одам амалга оширган.
Айтинг-чи, сизнингча, Ҳитлер ким? Албатта инсон. Лекин унинг ваҳшийликларини санашга тил ожиз. У ўз қилмишларини ёмонлик, деб ўйлаган дейсизми? Асло ундай ўйламаган. Барча ёвузликлари унинг учун эзгулик эди. Бир сўз билан айтганда, ўз миллатини дунёда танҳо ҳукмрон қилмоқчи бўлган. Кейин-кейин уни савдойига, руҳий хастага чиқаришди. Аммо ўшанда миллион-миллион одамлар унга эргашиб, олқишладилар-ку!
Қаранг-да, бировнинг юртига бостириб кириб, вайрон қилган, халқини қирган ҳам ўз ҳаракатларини эзгулик, деб тушунгач, Ватанини ҳимоя этиш ниятида урушга кирганларнинг иши албатта эзгулик бўлади-да. Бироқ урушдан (қандай уруш бўлмасин) эзгулик қидириш одамзот ақлининг ноқислигидан, дейиш мумкин.
Урушни кимлар бошлайди-ю, кимлар унинг қуроли, қурбони бўлади? Албатта, уни ҳукмрон доиралар, сиёсатчилар, гоҳо йирик сармоядорлар манфаат илинжида бошлашади. Улар асосан катта ёшли, маълум ҳаётий тажрибага эга кишилар бўладилар. Аммо, тарихдан аёнки, ҳар қандай урушнинг асосий юки ёшлар зиммасига тушади. Яъни қирғинбаротга ҳамиша ёшлар рўбарў бўладилар. Йигирманинг нари-берисидаги инсон учун умр боқий ва осонгина берилгандай, ҳаёт қийматсиз нарсадай туюлади, нари борса унинг хатти-ҳаракатлари шуни исботлайди. Уруш, унинг назарида, ўйинга, эрмакка ўхшайди, жон эса, қадрсиз бир матоҳдай. Бу ҳолатни мен ҳам ўз бошимдан ўтказганман. Ҳар тарафда отишма бўляпти-ю, пинак ҳам бузмай юраверганман, пана-пастқам жинкўчали қишлоқларда, ҳар бир муюлиш ёки девор ортида яққол ўлим хавфи бўлиши мумкинлигини сезсам-да, дадил кезаверганман. У пайтда ўн тўққиз ёшли йигитча эдим. Кейин-кейин ёшим улғайгач англадимки, дадиллигим фақатгина довюракликдан эмасди. Эҳтимол бир қисм қўрқмаслик ҳам бўлгандир, бироқ асосий жиҳати ғўрликдан, жон, ҳаётнинг қадрига етмасликдан, урушни романтика қабилида қабул қилганимдан эди. Чунки орадан ўн йиллар ўтиб, хизмат тақозоси билан тўппонча отиш машғулотида қатнашганман. Оддий нишонга теккизишим керак эди. Лекин қуролни ушлашим билан ёмон руҳий ҳолатга тушганман. Ўргатувчи буни пайқаб, дарров тўппончани олиб қўйган. Ўшанда тушунганман, энди менинг шоир юрагим уйғонган, ўлим тугул қуролни ушлашга ҳам тоқат қилолмас экан.
Бундан ташқари, жангга командирлардан тортиб оддий аскарларгача кўпинча ичкилик ичиб ва ҳатто наркотик модда истеъмол қилиб кирадилар. Қўрқувни енгиш учун ҳам шундай қилишади. Қолаверса шуури, қалби туғёнда бўлади. Бундай ҳолатда киши дадил, қўрқмас бўлишидан ташқари, нима қилаётганини англамай ҳам қолади. Аслида одам урушда ярим маст ҳолатда, карахтликда, деймизми, юради, унинг шундай сири ҳам бор.
Бир куни яқин дўстлар даврасида ўтирардик. Улфатчилик авжида. Икки киши уруш қатнашчисимиз. Шеригимнинг кайфи ошиб қолди шекилли, урушда асирга тушган душманни кўпчиликлашиб нима қилганликларини гапира кетди (тафсилотини айтмайман). Қарасам, ҳозиргина шодон кулиб ўтирган жўраларимиз жиддий тортиб, гапиргувчига бақрайиб қолишган. Шеригимни оҳиста туртдим, парво қилмади. Шартта елкасидан тутиб, «ҳе-эй!» дедим-да, силтаб ташладим. У ўзига келди. Келди-ю йиғлаб юборди. Билдимки, дўстим ичкилик туфайли ўша ишларини қилгандаги ҳолатига тушган. Чунки ўшанда ҳам маст бўлган-да. Ҳа, уруш инсон руҳиятига ана шундай таъсир қилади.
Демак, жамики урушларда асосан ёшлар иштирок этаркан ва уруш ёшликнинг кушандаси экан.
Яна бир жиҳати, урушда одамлар ўртасидаги адоват энг юқори чўққисига чиққанидек одамларни шафқатсиз ҳам қилиб қўяди. Ёки аксинча, кимлардадир меҳр-шафқатнинг олий кўринишлари намоён бўлади.
Тағин бирозгина хотира қўшсам айбга буюрмассиз: бир қишлоққа душман ўрнашиб олган. У ерда тинч аҳоли ҳам бор. Агар тўғри бостириб кирсак кўп талофат кўрамиз. Маъқули — аввал тўп ва танклардан ўққа тутиш керак. Лекин қишлоқда тинч аҳоли ҳам бор-ку. Бошлиқларимиз қўлларига «карнай»ни олиб, ўрис, пуштун, инглиз тилларида аёллар ва болаларнинг қишлоқдан чиқиб, бизнинг ортимизга ўтиб олишлари мумкинлигини айтишди. Бу бизникиларнинг урушда ҳали ўз қиёфаларини йўқотмаганликларидан дарак эди. Шунингдек, қалбларга ёқимли туйғулар соларди.
Ниҳоят қишлоқдан икки аёл ўн беш-йигирма чоғли кичкинтой болаларни етаклаб чиқиб келишди. Бола шўрликларнинг юз-кўзларига қўрқув нуқси ботиб қолган. Ортимизга ўтказиб юбордик. Бир пайт аёллардан бири келиб взвод командиримизнинг (ўрис) оёғи остига ўзини ташлади.
— Нима деяпти бу «бабайка»? — сўради у мендан ёвуз тиржайиб.
— Болалар нон, деб йиғлашяптийкан. Қишлоқдан нон обчиқволай, деяпти, — тушунтирдим мен.
Командир «балки шпиондир», дея рухсат бермади. Бизда ҳам озиқ-овқат танқис эди. Шунинг учун болаларга раҳмим келиб, командирни юмшатишга уриндим. Ахийри рухсат берди-да, менга масхаромуз тиржайиб, деди:
— Қариндошларингга раҳминг келди-да, а?! — У афғонларнинг мусулмон эканлигига, ранг-рўйимиз ҳам ўхшашлигига ишора қилганди. Айни пайтда командир шафқатсизликнинг энг юқори чўққисида турарди. (Бу воқеа «Ўлимнинг ранги» қиссасида батафсил баён қилинган.)
Урушда энг аввало оддий халқ — кексалар, аёллар ва болалар азият чекади, том маънодаги хорликни бошидан ўтказади. Мен бу ҳақда жуда кўп ўйлайман. Бирон юртга (ички уруш бўлса, шаҳарга, қишлоққа) бостириб кирган ғаним биринчи навбатда, аёллар билан болаларни хўрлашга тушади. Чунки у йўл-йўлакай жуда кўп йўқотишларни бошидан кечирган, энди ўч олиш пайида бўлади. Эр кишини отишлари, чопишлари, сўйишлари мумкин. Бир-икки дақиқа чидаб турса, савил жондан қутулади-қолади. Бироқ аёллар ва болаларнинг хўрланганини кўришдан Худо асрасин. Ҳеч ким жазо бермаслигини ҳис этган ғаним калласига келган номаъқулчиликни қилиши мумкин. Урушнинг энг даҳшатли кўринишлари ҳам ана шунда намоён бўлади.
Яқинда телевизорда иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг хотираларини эшитиб қолдим. Бу Белоруссияда бўлган экан. Ҳарбий қўшин Минскни қўлга киритгач, уларга ўрмонларда фашистларнинг додини берган партизанлар ҳам (оддий фуқаролардан тузилган қуролли отрядларнинг аъзолари. Шу ерда бир гап: «босмачи» боболаримиз ҳам ўрис-шўроларга қарши ана шундай курашишган) келиб қўшилишади. Энди кейинги манзиллар учун жанглар бошланади. «Улар (яъни партизанлар) биздан фарқли жанг қилардилар: қандайдир жон фидо, аёвсиз, шафқатсиз эдилар, дея эслайди фахрий. Бунинг сабабини кейинроқ тушундим. Фашистлар партизанларнинг яқинларини отиб ёки тириклайин ёқиб ташлагандилар, қишлоқларини вайрон қилгандилар. Уларнинг юрагида нафрат, қасос ва яна қасос яшарди холос». Уруш инсонни шундай ўзгартириб юборади.
Уруш кўрган кишилар билан бўлган учрашувларда кўпинча улардан «Одам ўлдирганмисиз?» — дея сўрашади. Юз-кўзларидаги қизиқиш аломати машҳур «юлдуз»ни учратгандаги ҳолатга ўхшайди. Ўлдиришга шу қадар қизиқишади. Саволи шўрлик уруш қатнашчисининг юрак-бағрини тилкалаб ташлашини ўйлаб ҳам ўтиришмайди. У эса қандай жавоб беришини билмайди. Тан олсинми, рад этсинми? Ахир бу унинг бутун умрлик азоби-ку!
Уруш ҳақида бадиий асар ёзиш оғир. Биз Толстойни, Шолоховни, Хемингуэйни, ўзимиздан Ойбек, Шуҳрат, Ўткир Ҳошимов, Қўчқор Норқобилни биламиз. Урушда иштирок этиб, у ҳақда асар ёзиш эса, икки ҳисса қийинроқ. Чунки мудҳиш кунларни яна қайта яшашингга, яшаганда ҳам ойлаб, йиллаб мунтазам яшашингга тўғри келади. Бунинг азобини бошидан ўтказган билади.
Уруш ҳақида кўп гапирдим.Аслида муддао тинчлик ва унинг қадри борасида сўзламоқ эди. Назаримда, тутган йўлим тўғри. Чунки урушнинг офатини ҳис этмай туриб, тинчликнинг моҳиятини англаш мушкул. Дунё адабиётида уруш ва тинчликни кенг миқёсда тасвирлаб берган, талқин ва тадқиқ этган ёзувчи ҳазрати Толстой, десак муболаға бўлмас. У «Уруш ва тинчлик» романининг учинчи жилдини шундай бошлайди:
«1811 йилнинг охирига келиб, Ғарбий Оврўпо қўшинларини астойдил қуроллантириш ва тайёргарлигини ошириш бошланди ҳамда 1812 йилда бу қўшин — миллионлаб одамлар (армияни боқувчи ва элтувчиларни ҳисоблаганда) Ғарбдан Шарққа — Русия сарҳадлари сари одимладилар, зеро 1811 йилдан Русия кучлари ҳам ҳудди шундай ҳаракат қилганди. 12 июнда Ғарбий Оврўпо қўшинлари Русия чегараларини бузиб кирди ва уруш бошланди, яъни инсон ақлу тафаккурига ва умуман бутун инсоният табиатига зид ҳодиса рўй берди. Миллионлаб одамлар бир-бирларига қарши беҳисоб ваҳшийликлар, ёлғон, хиёнат, ўғрилик, сохталик, қароқчилик, ёнғин ва қотилликларни содир этардиларки, жумлаи олам қозилари асрлар оша бундайин жиноятларни жам этолмайдилар ва айни дамда уларни амалга оширган кишилар қилмишларини жиноят, деб ҳам билмасдилар. (Муаллиф таржимаси)».
Бу ерда буюк ёзувчининг «…уруш бошланди, яъни инсон ақлу тафаккурига ва бутун инсоният табиатига зид ҳодиса рўй берди» — деган фикрига энди қўшилиш қийин, зеро уруш, ўлим одамзот феълидаги, табиатидаги хос ва турғун жиҳатга айланиб бўлган. Миллионлаб одамларнинг бир-бирларига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийликлар қилишлари эса, урушнинг асл қиёфасидир. Умуман Толстой одамлар тинчлик даврида қандай ташвишлар, ўй-хаёллар билан яшашлари-ю урушда ўзларини қандай тутишларини моҳирона чизиб беради ва уларни кўпроқ уруш тарбиялашини исботлайди.
Қадимги одамлар саводсиз, ёввойироқ бўлишган ва ҳатто улар учун бир-бирларини ўлдириш оддий эҳтиёждек туюлган, дейишгача борамиз. Ҳа, ҳозирги инсоният ақлли, ўқимишли, тараққиётнинг энг олий мақомларида фикрлайди, юлдузни бенарвон уради, яъни коинотни ҳам забт этмоқда. Лекин урушдан, ўлдиришдан тийилгани йўқ. Аксинча, ўзаро низо, жангларнинг ўлдиришнинг турфа усулларини ўйлаб топмоқда. Энди урушлар ҳам «майдалашгандек», шахсийлашгандек. Узоқ йиллардан бери ўйлаб келган фикрим бу кун ўз исботини топгандек. Мен уруш одамзотнинг эрмагига, шунчаки томошасига айланиб қолишидан қўрқаман. Қўрққанимча бор экан: бугун инсон нафақат бирон ғоя учун, балки ўзини кўрсатгиси келиб қолса ҳам одам ўлдирмоқда. Шунчаки эрмак учун, киприк ҳам қоқмай амалга оширмоқда бу ишни. Ўзича ҳар хил гуруҳлар ва ҳатто давлатлар тузиб, «билган қўшиғини айтмоқда». Энг ёмони ва даҳшатлиси, урушни, одам ўлдиришни оқлашгача бориб етмоқда. Йўқ, урушни, тирик жонга қасд қилишни ҳеч қачон ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Мана, бир неча йилдирки, Украинадек йирик, янаки Оврўпога мансуб давлат нотинч. Четки душманларининг қўли борлиги аниқ. Бироқ шўрлик халқни бу кўйга солганлар энг аввало ношуд раҳбарлар, бақироқ сиёсатчилардир. Бутун бир мамлакат учга бўлиниб олиб, бир халқ, бир миллат бир-бирининг гўштини емоқда. Бу ҳам урушнинг инсон руҳиятига таъсирининг, ақлу тафаккурини кўр қилиб қўйишининг исботидир. Ачинарлиси, минглаб одамлар ўлди. Энди жанг қилаётган кишиларнинг юз-кўзига бир боқинг: на бир изтироб, заҳмат бор, тиржайиб туришибди. Кўпчилиги ичкилик ичган. Устига устак, ўз халқига қарши қурол кўтараётганликларини ўйлаб ҳам қўйишмайди. Ахир уларнинг ота-боболари дунёни фашизм балосидан қутқаришнинг аввалида туришган-ку! Наҳотки мана шу одамлар ўша инсонларнинг зурриёди бўлса?!
Сиёсатчилар-ку сотилган ёки ҳокимият васвасасига йўлиққан бўлишлари мумкин. Аммо Украинанинг таниқли шоиру ёзувчилари, санъаткорлари, спортчилари, умуман зиёлилари қани ва улар қаёққа қарашмоқда?! Наҳотки ўз Ватанига, халқига ачинишмаса?! «Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади», деганларининг далили эмасми бу! Демак, ҳар бир халқнинг илғорлари уйғоқ ва сергак турмасалар, ҳозирги мураккаб даврда, Ватани бошига қора кунлар тушиб қолиши ҳеч гап эмас экан.
Президент Ислом Каримовнинг мустақилликнинг дастлабки йилларида айтган бир гапи ҳамон қалбимни нурга йўғиради: «Мен ҳар қандай сиёсий курашларни, таъбир жоиз бўлса, сиёсий найрангларни бир гўдакнинг бир томчи кўз ёшига алишмайман», деганди ўшанда Юртбошимиз. Бу оқилона ва таҳсинга лойиқ сўзлар. Чунки ҳар қандай эзгу ва буюк ишнинг асосида тинчлик ётади. Ўзбекистон ана ўша гўзал ғоя атрофида бирлашди ва ўз мақсад-муддаоларига етмоқда.
Бугун инсон зотининг онг-тафаккури ривожланиб, осмонларга чиқиб кетаётганлигидан, тараққиёт мислсиз даражага етаётганлигидан лоф-қоф урамиз. Лекин бу танганинг бир томони. Агар одамзотнинг чиндан ҳам олий мавжудодлиги, бугунги тараққиёти рост бўлганда эди, олам аҳли пешволари каллани бир жойга қўйиб, жамики қирғинбарот қуроллардан воз кечган ва ўзаро муносабатларни келишувлар асосида йўлга қўйишга эришган бўлар эдилар. Афсуски, бу ҳали-бери ширин орзулигича қолаверса керак.
Агар менга қолса, бир тажриба ўтказардим: йигирма чоғли жисмонан соғлом ўғил ва қиз болаларни ажратиб олардим. Улар ота-оналари бағрида яшаб, алоҳида мактабда ўқишарди. Уларга интернетнинг ёвуз ва аҳмоқона имкониятларидан фойдаланишга, жангари фильмларни кўришга рухсат этилмасди. Телефондан ҳам зарур эҳтиёж учун фойдаланишар, ахборотларни ҳам жунбушга келтирмайдиганларини кўришарди. Асосан китоб ўқишарди, гўзал манзарали жойларда сайр этишарди. Улар ва атрофдагилар сокин ва оҳиста гапиришар, чиройли суҳбатлар қуришарди. Бу ўн саккиз ёшга тўлгунларича давом этарди. Бундай болалардан даҳо шахслар чиқиши шубҳасиз. Улар капалаклар парвозидан завқланадилар, қуёшга кулиб боқадилар, гулу чечаклар ҳидидан сармаст бўладилар ва ҳоказо. Улар тинчлик одамлари бўладилар. Аммо ҳозирги дунё билан қовушсалар, дарров ҳар томонлама шикаст ейишлари аниқ. Демак, бутун инсоният тинчлик одамларига айланиши керак.
Она Ўзбекистонимизда ана шу буюк орзунинг айрим жиҳатлари намоён бўлмоқдаки, бунинг шукрини келтириб, ривожи учун ҳисса қўшайлик. Тинчликнинг қадрига етиш учун албатта урушни кўриш шарт эмас. Энди бу ифодадан ҳам воз кечишимиз керак.
Тинчлик нима? Энди мана бу тамсилга қулоқ тутинг: баҳор келди. Қалдирғоч нега келмаяпти? Нега айвонимизга ин солмаяпти ёки уйдаги бултурги уясига кирмаяпти? Қалдирғоч келармикин ўзи?..