Ватаним

“Хайём” романи уйғур тилига таржима қилинди
26.11.2014
Ватан
26.11.2014

Тупроғингда тупроқ бўрон бўлсам деган болангман,

Офтобингда куйиб-куйиб ўлсам деган болангман.

Етти иқлим ҳавосида уча-уча охиро

Қуш мисоли сенга қўниб, гулсан деган болангман.

Ўшал мулки самодаги ойдин Ойим ўзингсан,

Қанотлари юлдузлардан ул Ҳумойим ўзингсан.

Тимдалайман,тирноқларим ботиб кетган кўксимда

Гоҳо-гоҳо санчиб қўйган қибла жойим ўзингсан.

Тонглар шабнам булоғиму япроқ сочиқ бўлади,

Қаён боқсам яшил маъво кундек очиқ бўлади.

Бир-бир босиб ўтармано,изим беҳишт,ўзим ҳур,

Ҳар қадамда ўзбек деган нурлар сочиқ бўлади.

Аждодимнинг арши юксак,мен ҳам ундан тўкилдим,

Баъзан тубан кетиб қолсам,во нолавор ўкиндим.

Билдим, нурдан яралганман олам кўзи толгувчи,

Боқиб кўкнинг меҳварига яна сенга юкиндим.

Онажоним сийнасидан дилга чўккан ифорим,

Фалаклари қиш ёпинса, мангу яшнар баҳорим.

Ё Тангрининг кипригидан тўкилган ёш бир томчи,

Ё ниначи қанотида силкинганим, оҳ, орим.

Жимит лошим нелар қилай, ўзинг жисмим, ўзинг жон,

Бир елкамда дўзах бўлса,бир елкамда жовидон.

Хуш бўйларинг суйганларга, суймасларга яна хуш,

Қароғимда яшар Ватан Ўзбекистон — Туркистон!