Бир қўлда Қуръону биттасида жом,
Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром.
Фируза гумбазли осмон тагида
На чин мусулмонмиз, на кофир тамом
Умар ХАЙЁМ
ИБТИДО
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Жумла оламни, бу ҳадсиз коинотни ўз қудрати ва меҳри ила бино этиб, унда инсонни мукаррам қилган Раҳиму Раҳмонга, бандасига Ақл аталмиш мўъжизани бериб, фикрлатиб қўйган, қалб отлиғ сирли ҳилқатни ато қилиб, уни Ишқ ва Ҳақиқат насиймлари ила муаттар этган карамли Зотга беадад ҳамду санолар бўлсин.
Умматига шафоатлар тилаган, заминга боқий саодатнинг илк муждаларини етказган сарвари олам, Саййидул Коинот Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин. Ва ул Зотнинг аҳли байти ва саҳобаларига ҳам салоту саломлар бўлсин.
Аммо баъд, бу мискин бир тарихи муборакни баён этмоқни ният қилдики, Оллоҳ рози ва мададкор бўлғай.
***
У йўл излагувчи эди. Куну тун, тушу хуш йўл изларди. Бу ҳатто бир кеча суратан аён бўлди: у саросар кезарди, жони ҳалқумида, кўнгли туғёнда, бутун вужуди лов-лов ёнарди. Бу йўл бошида ғала-ғовур ила турган одамларнинг қошига етди. Жигар-бағри хун, қоврилиб етди.
-Бу йўл қай маъвога олиб боради?-дея сўради ёниб.
Одамлар парво қилмадилар.
-Эй, одамлар, бу йўл қайга боради ахир?!
Яна ҳамма жим. Баъзилари ажаб жилмайиб, елка қисдилар.
У яна чопа кетди. Товонидан, бағридан ўт чиқа чопди. Алҳол тағин бир йўл бошидаги одамлар қошига етди.
-Бу йўл қай гўшага элтади?-деди уларга бутун вужудидан тер қуйилиб.
Одамлар жим туравердилар.
-Эй, одамлар, айтинг ахир, бу йўл қай маъвога олиб боради?!
Жавоб йўқ.
Яна чопа кетди.
Яна йўл.
Яна савол.
Яна жавоб йўқ.
Бу ҳол қайтарилаверди.
Ахийри ҳолдан тойиб, йиқилар пайтида кўзлари олдидаги хира парда йўқолиб, соқоли-ю кийим-боши оппоқ нуроний зот пайдо бўлди. Унинг юзидаги ҳалийм ва ёқимли табассумни таърифламоққа тил ожиз эди. У яна «Йўл!..» деди овози базўр чиқиб.
-Йўл?!..
-Ахир ҳар бир йўлнинг аввали кўнгилда-ку. Йўлнинг бошини кўнглингдан изла!
Энди унинг вужудига унга нотаниш ҳаловат ина бошлади ва шуурини ажиб бир ойдинлик қамрамоққа тушди. Кўнглидаги боягина оламни зеру забар этмоққа қодирдек туюлган тўфонлар тин олиб, энди тўлғоқли саволларга доя бўлдилар.
-Мен… мен… Тавротни ўқидим, Инжилни ўқидим… Қуръонни мутолаа этдим, ё Ҳазрат. Бироқ йўл?!..
-Умрингни сарҳисоб эт, болам. Дунёда икки мингдан зиёд илоҳий аталмиш китоблар бор. Керагини ўқи ва аввало кўнглингда ихлосни бино эт. Сўнг бу оламдаги вазифангни англаб ет-да, ўша вазифани адо айла. Муродингнинг қолганлари ўзи келади. Йўл ҳам, нажот ҳам ихлос ҳамда вазифада.
-Энди эса йўлларимни, йўлимни англаётгандекман. Юртимга қайтиб, улкан черковни бузаман-да, унинг ўрнида муҳташам масжид барпо этаман.
-Йўлни хато танлама, бўтам, ҳаддингни бил. Ул черковнинг ҳам ўз соҳиблари, ул диннинг ҳам ўз авлиёлари бор. Уларнинг руҳини чирқиратма. Масжидни бошқа ерга қур.
Саволлар ниҳоясиз эди. Нуроний зот бўлса жавобдан чарчамасди. Овозида озгина бўлсин малол ёхуд зарда сезилмасди.
-Бошимизда турган коинот чексиз-чегарасиз. Унинг охир ҳаддини Ўзидан ўзга кимса билмайди. Шул каби бу чексизлик қаърида беҳисоб йўллар, юлдузу сайёралар бор. Аммо уларнинг барчаларининг адоғи Меҳвари Муаззамда туташгусидир. Бу нимарсаларни бирон-бир дин таърифида туриб англаб бўлмиайди. Уларнинг ҳар бири ва Меҳвари Муаззам оралиғдаги сирли маъвони изламоқ ҳамда илғамоқ зарур. Ҳақиқат ана ўша ерда.
Ўзи тузган бу борлиқда Ўзи бор ва Иблис бор. Яъни Эзгулик ҳамда Ёвузлик мавжуд ва уларнинг оралиғи мавжуд.
Бани башар бу оламда қўним топгандан буён не-не мукаррам зотлар яшаб ўтмадилар. Уларнинг ҳар бирлари бир сайёра, бир юлдуз бўла оладилар. Динлари турфа, миллатлари турфа, лекин маслагу муродлари бир- эзгулик эди. Уларнинг қалбларида Ўзи яшарди. Илло бу зотларга ҳам бирон бир дин ёхуд миллий тамойиллар тарафида туриб ҳақ баҳони бермоқ душвор ва уларни англамоқ мушкул. Шундай экан, Ҳақиқат барқарор бўлган оралиқни-сирли маъвони изла!..
Унинг шуури ойдин-ойдин эди. Нуроний зот сўзлагани сари вужуди ҳузурбахш жимирлаб, ўзга бир оламга сингиб бораётгандек бўларди. У рўбарўсидаги кишининг сўздан тўхтамоғини сира-сира истамасди.
Нуроний зот эса мудом сўзлар, ҳикоя қиларди. Унинг овози ўзга бир оламдан, сирли бир маъводан эшитилаётгандек туюларди…