ёхуд бориб-келаётган одам ҳақида мухтасар қисса
Йиғламанг!..
Муқаддима ўрнида
Яратганнинг одамзодга одам бўлиш учун умр бергани рост. Ва яна у меҳр ҳам берди… Одамларга улашиладиган ва улардан олинадиган МЕҲР..
Сиз ҳам буни биласиз…
Ростдан ҳам билармикинсиз?..
Сизга мен ушбуни илиндим, бағримни қўшиб илиндим!
Сиз ҳам дуо қилиб туринг…
МЎМИН
1
У ўтни кеча ҳам шу ердан ўрганди. Сув бўйида ўсган ям-яшил, юмшоққина ўтларни мол-қўйлари маза қилиб ейишди. Бу тотли «таом»ларни охўрига солаётганида қўйлари, ҳатто, уни ўз қавмдошларидек билишиб, қўли¬ни ялаб ҳам қўйишди. Қўй деганлари жуда покиза маҳлуқ у ҳар кимларнинг қўлига ҳам тилини теккизавермайди. Йигит бунақа нарсаларни сезиш, ўйлаш ёинки тушуниш фазилатидан бебаҳра эрса-да, ўз жигарларидай бўлиб қолган жониворларига яна шу емишни раво кўрди. У йўлдан икки-уч газ пастдаги зовурга қиялаб тушиб, аслида ҳам букчайиб ўсган, тағин бу кўргилик камлик қилгандай кимлардир бир-икки шохларини эгиб, сувга теккизиб қўйган толнинг мажруҳ шохига оёқ қўйиб, зовурнинг нариги бетига сакраб ўтди. Қўлидаги ўроқ ва этагини ерга ташлаб, этакнинг устига ўтирди. Оёғидаги оқшайиб кетган калишини ечиб юкорироққа ирғитди. Шимининг чўнтагидан нос шишасини чиқариб, шошилмай қопқоғини очди. Кафтига нос солди, кафтининг ёнбошини пастки лабининг остига тиради-да, қийналиброк нос отди. Унинг ҳаракатлари ҳали бу юмушнинг унчалик ҳадисини олмаганидан далолат берарди. Устига-устак у нос отибоқ лабларини қимтиб, чўччайтириб оларди. Оғзига дарров сўлак тўлиб қолганидан мазкур «санъат»нинг нўноқ ижрочиси қиёфасини намойиш этарди. У ўзининг бу «истеъдодсизлигини» билганидан бировлар олдида иложи борича нос чекмасликка ҳаракат қилар ва оғзида носи билан бемалол гаплашиб ўтиравергувчи «уста санъаткорлар»га зимдан ҳаваси ҳам келарди.
У лабини ўз одатича қимтиб, қўлларини тиззалари узра қовуштирганича сувга тикилди. Оқаётгани қарийб сезилмаётган зовур сувининг остидаги қурай ўтларнинг шамолда ҳилпираётган рўмол сингари билтанглаши, сувнинг ожизгина ҳаракатини билдириб турарди. Мўмин (дарвоқе, бу йигитнинг исми шундай) ана шу қурай ўтларнинг бирига беихтиёр термилиб қолди. Ҳозир у бир қарашда хаёл сураётгандек туюлса-да, аслида ҳеч нарсани ўйламас, қаршисида минг кўйда тебранаётган куғайнинг ўзига хос рақсидан маъно ҳам топмасди. Учи сийрак қошларини керганча бир нуқтага анча тикилиб тураверганидан олайиб, косасидан чиққундай бўлган кўзлари ана ўша ўтга беихтиёр қадалганди, холос. Оёқяланг бўлганидан калишнинг ичида юравериб, димиққан оёқларига зовур захининг салқини ўтиб, хуш ёқар, бундан бутун танаси ором оларди.
Шу пайт зовурнинг нариги қирғоғидан бир бақа «шалоп» этиб сувга калла урди. Одатда, зовур суви жуда тиниқ бўлади. Шунинг учун сув остида ўзи томонга сузиб ўтаётган бақани нигоҳи билан осонгина топди. Бақа суза-суза келиб, Мўминнинг оёқлари остидаги жойда қўним топди. Йигитнинг содда кўнглида болаларча девона бир қизиқиш уйғонди. Оғзидаги анча «пишиб» қолган носни ёнига бир-икки туфлаб қаровдики, сузағон бақа ҳамон қимир этмай турибди. Мўмин энгашди, хаёли ўғрисини тутиш истагида ўнг қўлини у томон чўзди. Бироқ сергак бақа қўл шарпасини сездию, «лип» этиб қочди-да, қирғоқ ёқалаб суза кетди. Мўмин қарийб тиззалаган кўйи уни қува бошлади. Бақа ҳам Оллоҳнинг бу мўмин бандаси билан қувлашмачоқ ўйнашга қасд қилгандай ҳамон қирғоқда сузарди. Йигит ўз машғулотига берилиб кетганидан эҳтиёткорликни унутдию, ўнг қўлини сувга чўзганча пастроқ энкайиб юборди. Шунда мувозанатини йўқотиб, ўнг оёғи сувга тушиб кетди, беихтиёр эпчиллик билан қирғоқдаги майсаларга тирмашган чап қўли унинг бошқа аъзоларини ҳўл бўлишдан сақлаб қолди. У: «вуй билат!» дедию, чап қўли кўмагида оёғини сувдан тортиб олди. Сиз унинг оғзидан беихтиёр чиқиб кетган гапдан ҳайрон бўлдингиз чоғи. Ҳа, у бирор нарсадан ҳайратланса ёхуд шошиб қолса, ана ўша гапни ихтиёрсиз равишда айтиб юборарди. Аслида-ку бу гапнинг маъносини, қайси тилга тегишли эқанини ҳам билмасди. Унингча, ўша сизга эриш туюлган сўз, азиз она тилимизнинг кўп маъноларни англатувчи айтилиши осон ва изоҳ талаб қилмайдиган беминнат мулки эди. Келинг, бу нарса учун уни ҳам, мени ҳам койимай қўя қолинг!..
Мўмин ўтириб шимининг почасини сиқаркан, лабларининг чети икки томонга қочди, овоз чиқариб кулди.
— Сувга пишди-я, қисталақ! — деди ўзига ўзи гапираётгандай.
Шимининг сувини сиқиб бўлиб, кафти билан қоқиб, текисларкан, чап ёнида қуруқликка чиқиб олиб, бемалол роҳатланаётган «нотаниш» бақага кўзи тушди. Кўнглидаги бояги қизиқиш яна жунбушга келдию, ўнг қўли билан бақани аста босди. Бақа жон талвасасида бир-икки типирчиладию, уни тутган қўл беозоргина ушлаб, сиқмаётганидан узича катта хавф йўқ эқанини илғади шекилли, типирчиламай қўйди. Мўмин уни кўзлари олдига яқинроқ олиб келиб, тикилди.
— Ҳм-м, ушлаволдимми?! — деди тиржайиб.
У бақанинг бўртиб турган кўзларини ҳайрат билан кузатди. Кейин унинг диққатини бандисининг қимирлаб турган оппоқ бўйни ўзига тортди. Кўрсаткич бармоғи билан бақанинг бўйнини силади. Аслида ёши ўттиздан ошган бу «болакай» бақани нега тутганини ҳам билмасди. Кўнгли шуни тусади, тамом. Балки кун бўйи индамай юравериш жонига тегиб, бақа билан бўлса-да, «гаплашгиси» келгандир. Ҳали гапирмасдан юриш унчалик ҳам унинг жонига тегавермаслигига кўп марта амин бўлсангиз, ажабмас. Бу йигитнинг ғайритабиий ёки ўта табиий одат ва қилиқларини эса фақатгина Яратган тўла тушуна олса, не тонг!
Мўмин бақани сувга ташлади-да, ортидан бирпас тикилиб турди. Жони омон қолган жонивор сув остига шўнғиб, зумда кўздан ғойиб бўлди. Мўмин яна нос отди-да, ўроғини олиб, ўт ўришга киришди.
2
У ўтни кўп ўрмасди. Ростмана икки қучоқ йиғарди-да, этагининг икки учини тугиб, икки томонини очиқ қолдирарди. Уни орқасига ортқилар, ортқилаганда ҳам этак бандининг учроғидан ушлаб олардики, натижада, орқасидаги юк қарийб белидан жой топарди. Этакнинг банди ўнг елкаси оша ўтганидан, кутарган юки тортиб, кўйлагининг ёқаси бўйнидан елкаси томонга сўрилиб қолар, шундоқ ҳам озғин бўйни янада чўзилиб, ингичкалашгандай кўринарди. У ҳечам тез юрмасди, чолларга ўхшаб ўртачадан ҳам секинроқ одимларди. Қадамларини гўё силтагандай ташлар, ҳар қадам босганда оёқларининг учи билан ўзини бир кутариб қўярдики, бундан товонлари ердан пича узилиб, калишни тарк этмоқчидай туюларди. Янада очиқроқ айтсақ туяга монанд қадам ташларди…
Мўмин дарвозахонага қўйилган «Москвич» машинасига тегмаслик учун унинг ёнидан ёнбоши билан ўтиб, ўнгга бурилди. Рўпарада токлари чиройли қилиб таралган сўрток остидаги сўрида отаси билан ўгай онаси чой ичиб ўтиришарди. Мўмин уларнинг олдидан индамай ўтиб, ўтини ҳовлининг четроғига тўкди-да, ёйиб қўйди. У ердан қайтиб кўра даги сувда қўлини ювишга тутинди.
— Ўтни қайдан ўрдинг? — сўради отаси у томонга бўйнини чўзиб қараркан.
— Зовур бўйидан, — деди Мўмин ювилган қўлини қўлтиғига артиб.
— Анов ўзимизни зовурданми?
— Йўқ, Чигитурадан, — у нима қилишини билмагандай, қўллари қўлтиғида серрайиб туриб қолди.
— Ке, чой ич, — отаси шундай дедию, ўғлининг феъли ёдига тушиб, индамай чой ҳўплади.
Мўмин туя юриш қилиб уйга кириб кетди.
Ота юзига фотиҳа тортиб, сўридан тушаркан, аёлларга хос ўтириб, чап тиззасига чап қўлининг тирсагини қўйиб, нон кавшаётган хотинига деди:
— Мен мошинага бензин топиб келай, жа худо уриб кетди-да шуниям… — У белидаги белборини тузатган бўлиб, уй томонга овоз берди. — Мўминтой!
Бироздан сўнг эшикда Мўмин кўринди.
— Хотинийни опкеласанми? — сўради ота «ё мен опкелайми?» дегандай мулойим зарда билан.
Мўмин индамай ерга қаради.
Отаси ундан бир гап чиқмаслигини билиб:
— Бўпти, чойингни ич… — дея кўчага чиқиб кетди. Мўмин сўри томон келаётганда ўгай онаси ҳам ўрнидан турди.
— Менам ҳамиримни қилай, ҳали нон ёпишим керак. Келинга ёлчимаганингдан кейин қариганда шунақа бўларкан-да, — дея ғудрана-ғудрана ўз юмушига кетди.
ХОТИРА
Кампирлар ўчоқдаги човгундай — гап шақирлагани-шақирлаган. Шақирлаш эса унинг ичида суви қолмагунича давом этаверади, илло қимирлаган жон борки, ичи тўла сув, салгина ҳаракатдан дуди осмонга ўрлайди. Шу ёшигача бирор марта туғмаган, аммо Яратганнинг инояти туфайли ўгай бўлса-да, она деган номга етишган бу аёлнинг ҳам ўзича дастурхон қилгулик дарди бор. Аксарият қишлоқ кампирлари инжиқликданми, кўрпаси ҳам, ўрдаси ҳам шу уйи кўриниб, тўрт томони қиблага айланганидан ичлари торайиб сиқилганликлариданми ёхуд Оллоҳнинг ўзигагина аён бошқа сабаблари борми, негадир ўз кўргиликларига бошқаларни айбситадиган бўлиб қолишади. Улар ҳеч қачон ўзларини гуноҳкор билишмайди ва буни тушунтираман, деб сиз ҳам беҳуда овора бўлманг. Улар сизга ва умуман барча нарсаларга ўзларининг кўрпа қовишларидек муносабатда бўлишади, яъни у ёқдан ҳам, бу ёқдан ҳам игна санчишаверади. Балки бу соддаликдандир, фикр торлигидандир ва эҳтимол миянинг фақат бир хил нарсаларнигина ўйлаш билан банд бўлганидандир…
Ота-онасидан Бувинса дея ном олиб, бувилик насиб этмаган ўгай она палахмон тошидек хўпам у ёқ-бу ёққа думалади — бир неча марта эрга тегди. Биринчи эри ота касбини тутиб, мироблик қиларди. Ўзиям сувдеккина мулойим одам эди. У билан уч йил ёстиқ талашишди. Фарзанд бўлавермагач, тўртинчи йили ажралишди. Эрининг ажрагиси йўқ эди. Бувинсанинг онаси қўймади: «Турмушидан сув ўтгандан бола бўлмайди», — деб туриб олди. Хуллас, фарзандсизликда мулойимгина куёвни айбситишди.
Иккинчи эри миробнинг бутунлай акси эди, яғриндор, овозидан уйнинг шифти титрайдиган дағал одам эди. Бувинса бу эрини хотинларга хос меҳр билан чинакамига яхши кўрар, калишига патак бўлишга тайёр эди. Лекин бола туғавермагач, учинчи йили меҳрининг эгаси уни талоқ қилди. Ҳўнг-ҳўнг йиғлаб, уйига кетди. Шу-шу бўлдию, уйида узоқ ўтириб қолди, тенги чиқавермади. Бир томони ёш умри хазон бўлаётганидан, бир ёғи чақалоқнинг лабларини тусаб, кўкрақларининг учи ғимирлаганидан ич-этини еб борарди.
Ахийри мана шу уч етими билан тул қолган ҳозирги эридан совчилар келди. Тақдир насиб экан, ўраб-чирмаб олиб келишди. Мана ўттиз йил бўлай дебдики, шу хонадоннинг эгаси, ўгай болаларнинг энаси бўлиб ўтирибди. Баъзилар тумсо аёллар меҳрсиз бўлади, дейишади. Бўлса бордир. Аммо Бувинса ҳола унчалик эмас, бирозгина ичи торлигини айтмаганда, бинойидек она. Эрининг болаларини ялаб-юлқаб катта қилди, тўнғич ўғлини уйлади, қизини чиқарди, қайноналикнинг ҳам оби-тобини келиштирди. Бахтига қарши ўзи туғмади, тунлари қилган оҳу нолалари Оллоҳга етиб бормадими, тумсолигича қолаверди. Кейинчалик тақдирга тан берди, ўгай болаларининг ташвишлари билан андармон бўлиб, ўз дардини унутди.