Она Ватанимиз биз уни севганчалик бизни ҳам севсин! — Наби Жалолиддин билан суҳбат

Пешана
08.01.2020
Афғон уруши қатнашчилари ва қуролдош дўстларимга!
08.05.2020

— Адабиёт сиз учун нима? Сизнингча инсоният адабиётсиз яшай оладими?

— Улуғ тушунчалар ҳақида фикр билдириш жуда мушкул. Ҳар қанча донишманд бўлмасин, бир одам улар ҳақида тўла-тўкис гап айтолмайди. Шундай экан, менга йўл бўлсин! Аммо баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Дунёда ягона ҳақиқат бор — бу Ҳаётнинг ўзидир. Қолган нарсаларнинг бари уни ҳаракатга келтирувчи, тириклигини таъминловчи унсурлардир. Яъни борлиқ-табиат, ҳатто инсоннинг қалби, шуури, ўй-хаёллари — ҳамма-ҳаммаси Ҳаётнинг борлиги, тириклиги учун хизмат қилади. Шу маънода Адабиётни мавжуд ҳаётнинг акси, яъни параллел ҳаёт дейиш мумкин. Ҳақиқий истеъдодли ёзувчи, боринг, ана, хаёлан галактикалар аро учса-да, тасвиру талқинда мана шу Ҳаётдан ташқарига чиқиб кетолмайди.

Инсонни, демакки, Ҳаётни бутун борича самимий, сохта бўёқлар аралаштирмасдан тасвирлай олган ёзувчигина чинакам маҳоратли қаламкаш ҳисобланади.

У ўз асарида параллел оламни, яъни иккинчи Ҳаётни яратади, одамизоднинг юзига сирли кўзгу тутади. Бу нақадар машаққатли, шу билан бирга, бағоят мароқли юмуш ёки ҳолатдир.

Демак, Адабиёт олам ичра олам, Ҳаёт ичра Ҳаётдир.

Инсоният Адабиётсиз яшай оладими? Менимча, йўқ ва яна йўқ! Чунки усиз, баландпарвозроқ туюлса ҳам айтай, инсон ўз ҳаётидан кечиши лозим бўлади. Айтайлик, одам умид-орзуларсиз, овқат емасдан ва ҳатто нафас олмасдан яшаши мумкинми? Албатта йўқ! Адабиёт Эзгуликнинг яроғидир. Усиз башарият қандай қиёфага келишини тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат!

Ҳозир дунёда илоҳий китобларига эга бир неча динлар мавжуд. Унгача Оллоҳнинг элчилари бўлмиш минглаб пайғамбарлар ўтган ва улар одамларни фақат яхшиликка чорлашган. Улардан сўнг қанча-қанча авлиёлар, диний ва дунёвий буюк олимлар, ниҳоят улуғ шоиру ёзувчилар яшаб, инсониятнинг порлоқ келажаги учун хизмат қилишган ва бу эзгу фаолият мудом давом этмоқда. Уларнинг ақлу тафаккурлари, меҳнатлари туфайли башарият бу кунги мисли кўрилмаган тараққиётга эришди. Лекин одам зоти мудом бир-бирини ўлдиришдан, бузғунчиликдан тўхтагани йўқ. Энди айтинг, агар Адабиёт ёки китоблар бўлмаса, инсоният қандай қиёфага келарди? Мен аминман, у бугун худди йиртқич ҳайвонлар каби бир-бирини еётган бўларди!

— Сизнингча ёзувчи ким? Унинг Шахс ва Гражданин сифатида жамиятдаги роли қандай бўлиши керак?

— Дунёда қаламга ошнолар кўп. Биз ҳақиқий ёзувчилар ҳақида гапирамиз-да.

Буюк ёзувчилар башарият тафаккурининг қаймоғидир. Улар ўз қалбларида мислсиз Ҳурликни бино этадилар ва барча одамларни ҳам ана шундай ҳурлик сари чорлайдилар. Яъни ҳаётнинг майда-чуйда икир-чикирларидан юқорида озод, яратувчига ёвуқ (яқин) ҳолда яшашга ундайдилар. Бундай шараф, миссия ҳар кимга ҳам берилмаган.

“Сўзда сеҳр бор” — бу гапни мен айтмаганман. Кимнинг каломи эканлигини яхши биласиз. Ўшал сеҳрли хилқатни тасарруф қилиш ҳуқуқи эса ёзувчига берилган. Демак, чинакам ёзувчи сеҳргардир. У фақат ва фақат Сўз орқали шундайин манзараларни тасвирлаб, гўзал туйғуларни қалбингизга, бетакрор фикрларни шуурингизга жолайдики, уларда ўз қиёфангизни, аксингизни яққол кўра оласиз ва ҳайратга тушиб, сирли оламнинг фуқаросига айланасиз.

Энди ерга тушсак: ҳақиқий ёзувчи ўта самимий, табиатдай содда, ҳалол одамдир. Озгина ғараз, фитна, нотабиийлик унинг тийнату-сийратига доғ туширади, яралайди. Бу доғу яралардан қутулиш учун у узоқ изтироб чекади ва гўзал асарлар яралади.

Ёзувчининг борки нарсалар, тушунчалар ҳақида ўз мустақил фикри, позицияси бўлиши лозим. Токи у ўзгармасин. Унинг у ёки бу борадаги хулосалари халқнинг, ҳеч йўқ ўқимишли қатлами учун қадрли бўлиши керак. Қайси халқнинг ёзувчиси оғмачи бўлса, у халқ турғунлик, мустабидликка маҳкумдир. Бу нарсаларнинг ўзаро муносабатлари нафақат ёзувчини, балки халқни ҳам тоблайди. Юқоридаги сифатларга эга бўлган ва эли фикрини қадрлайдиган қаламкаш, шубҳасиз, Шахсдир. Демак, ёзувчи Шахс бўлиши керак.

Гражданинлик, бир қарашда, хиёл ҳавойироқ гапга ўхшайди. Лекин керак.

Ёзувчи ўз халқининг, Ватанининг чинакам Гражданини бўлиши лозим. Чунки у ўз элининг маънавий бугуни ва эртаси учун жавобгардир. Ёзувчи ҳеч қачон Ватани ва халқининг тақдиридан айро яшолмайди. Худди мана шу тушунча унинг Гражданин эканини ифодалайди. Бизда бунақалар йўқ ҳисоби – сабабини кейинги жавобларимда айтарман.

— Яхши, мукаммал асарни баҳолаш мезони қандай ва шундайлар сирасига қайси асарларни қўша оласиз?

— Бунинг мезони йўқ. Аслида бўлмаслиги ҳам керак, чунки қолипга солинган нарса борки, бир хилликка маҳкум. Шунингдек, у кўп ўқилиши билан ҳам баҳоланмайди. Ҳозир бизда кимлар ва нималар кўп ўқилаётганини яхши биласиз. Бундан ташқари, ҳамиша “ҳимоячиси” бор асарлар ҳам мавжуд. Улар миллатни ўсишдан тўхтатади – бу жуда хавфли. Ахир Навоий, Бобур ёки боринг, ана, Чўлпоннинг “ҳимоячиси” йўқ-ку!..

Яхши асарда фикр теран, қават-қават бўлади. Уни ўқиркансиз, маъно тагидан маъно чиқиб келаверади. Ҳар ким ўз қувваи ҳофизасига яраша озиқланади. Ҳамма ҳар хил қабул қилади, аммо биронтасини инкор этолмайсиз. Бари қалбингиздаги оғриқлардай, тилингиз учида турган гаплардай туюлади. Улар эскирмайди, ҳамиша янгиланиб туради.

Бунақа асарлар оз эмасдек. Мен учун “Телба”, “Чол ва денгиз”, “Уста ва Маргарита”, “Калигула”, “Кеча ва кундуз” ва Мурод Муҳаммад Дўст, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдамларнинг айрим асарларини (лекин мен ўқишга улгурмаган ўзбек ёзувчилари кўп) шундайлар сирасига қўшиш мумкин. Дарвоқе, “Ҳелладос”, “Қоракўз мажнун”, “Шамолни тутиб бўлмайди” кабилар ҳам бор.

— Ёзувчида туғма истеъдоддан ташқари яна қандай хислатлар бўлиши керак?

— Ёзувчи кўп ўқиши ва уқиши шарт. У дунёдаги барча илмлардан, қисман бўлса-да, хабардор бўлиши, бир сўз билан айтганда, табиатдаги ҳар қандай ҳаракатни, ўзгаришни идрок этиши, ўз вужудида ҳис қилиши керак.

Бундан ташқари, ёзувчи ўта самимий, тўғри ва ҳалол бўлиши лозим. Бозордаги паттачидан ёки олибсотардан фарқ қилмайдиган қаламкаш тушида алаҳсираётган одамга ўхшайди. Худо берган ёзувчи эса оқ қоғозга ёлғон сўзлашдан, унинг юзига қора чаплашдан уялади.

Ҳақиқий ёзувчини ёш бола ҳам алдай олиши мумкин. Лекин у ўқувчини ҳеч қачон алдамайди.

Беғуборлик, тўғрилик, ҳалоллик, самимият Адабиётнинг бош талабидир. Демакки, ёзувчи ҳам шунга муносиб пок бўлмоғи лозим.

— Изтироб барча инсонда бўлади. Сизнингча, ёзувчининг изтироби нимаси билан фарқ қилади?

— Изтироб, соғинч, алам, қайғу – буларнинг бари одамни одам мақомида тутиб турган туйғулар. Уларсиз қалб оҳорланмайди. Айрилиқлар, хиёнат, ҳижрон каби тушунчалар ҳар қандай инсонни изтиробга солади, қайғуга ботиради.

Ижодкорларда эса бу бошқачароқ кечади. Менимча, истеъдоднинг иккинчи номи изтиробдир. Ҳар қандай шоиру ёзувчи изтироб туфайли кашф этилади, яхши асарлар ёзади.

Хўш, бу изтироб нимадан ёхуд қандай пайдо бўлади? Албатта, пули йўқлигидан ёки қимматбаҳо машина минолмаганидан эмас. Аввало у ўзидан қониқмасликдан, инсонни, ҳаётни ортиқ тафтиш қилишдан пайдо бўлади. Истеъдодли ёзувчи ўзига ҳам, атрофидаги одамларга ҳам ичида беихтиёр қаттиқ талаблар қўяди. Уларнинг рўёбини кўрмагач, тағин ўз-ўзидан жизғанак бўлаверади. Дунёни, инсониятни мукаммал, тўкис кўришни истайди. Ўзи англаган нарсаларни бошқалар ҳам билишини хоҳлайди ва ҳоказо…

— Устоз ва шогирдлик барча касбларда бор. Ҳозир адабиётдаги устоз ва шогирд анъаналаридан кўнглингиз тўладими?

— Дейлик, ҳунармандлар – косиб, дурадгор, қассоб ва ҳоказоларда устозлик кўринишли ҳолатда амалга ошади. Яъни устоз ўз ҳунарини амалда кўрсатиб, ҳатто шогирдининг қўлидан тутиб, бирга бажариб ўргатади. Адабиётда эса ундай эмас. Зуваласида истеъдоди бор шоир ёки ёзувчи ёшлигидан катта ёшли ижодкорларнинг асарларини ўқиб ўрганади, маҳоратини ошириб боради. Устозни эса кейинроқ топади. Ҳа, Адабиётда устозни шогирд танлайди. Бошқа ҳунарларда эса устоз шогирдни излайди, ажратиб олади.

Аслида Адабиётда устоз ва шогирдлик нисбий тушунча.

Биз Шарқ одамларимиз, ўзбекмиз. Менимча, ўзимиздан олдин ўтган барча ижодкорларни ҳурмат қилсак, устоз қавмида кўрсак, яхши бўлади.

Ҳозирги ёш ижодкорларда бир қусур пайдо бўлган: ўзларини кўплардан баланд кўрадилар (бу ёшликка хос жиҳат, ўтиб кетади албатта) ва устозларини амалига, мавқеига қараб танлайдилар, яъни ниятларида тама бор.

Шу ўринда яна бир фикр: мабодо ёзувчидан бирон-бир амалдор чиқса, у аҳли қаламнинг эмас, ҳукуматнинг қалқонига, яъни ҳимоячисига айланади. Мана, бизнинг асл башарамиз!

Менинг ўзимга устоз деб билган ижодкорларим кўпчилик. Ҳаммаларидан ўрганаман, ҳурматларини сақлашга уринаман. Ростмана дуо берган (худди ҳунармандлардагидек) устозим эса, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби раҳматли Пиримқул ота Қодиров бўлади. Мен умримда бунақа маданиятли, билимли, том маънода заҳматкаш ижодкорни кўрмаганман.

— Жамиятимиздаги қайси қусурлардан куюнасиз ва нималардан фахрланасиз?

— “Азага борган ўз дардини айтиб йиғлайди”, деган гап бор. Шундай экан, олдин ўзимиздан бошласам: аввало ёзувчиларнинг моддий аҳволи ҳамон яхши эмас (мабодо мансаби ёки тадбиркорлиги бўлмаса).

Адабий нашрларнинг биронтаси қалам ҳақи бермайди, чунки ўзлари базўр кун кўришади. Нашриётлардан қалам ҳақи сўраш эса, аждаҳонинг оғзига қўл тиқишдек гап. Ё мутлақо беришмайди, беришса ҳам, китоб ададига қўшиб, лабингизда киноя табассумини бино этгувчи миқдорни тутқазишади. Шўрлик ёзувчи битта романни ёзиш учун неча йилларни сарфлайди ахир!

Ана энди, катта дардлардан айтай: бизнинг халқда том маънодаги миллий ғурур оқсамоқда. Буни ҳар қадамда исботлашим мумкин. Тўғри, бизнинг ватанпарварлигимиз телевизору газеталарда бағоят “гулламоқда”. Муштдай қизча ёки ўсмир Ватани учун жонини беришни иддао қилади. Бу кулгили эмасми! Улар, аввало, жон нималигини, Ватан нелигини биладиларми? Нима учун жон бермоқчилар? Кимларгадир ёқиш учун эмасми?!

Кўчада бўлса, мутлақо бошқа гаплар: кўпчилик ҳеч нарсага ишонмайди, Ватан, миллат ҳақида гапирсангиз кулади. Хизмат кўрсатиш объектларидаги (энг замонавийларида ҳам) қуюшқонсиз муомалалар эса ҳали узоқ тарбияланишимиз лозимлигини кўрсатади. Кўчада эътибор беринг: одамлар қўлидаги чиқиндиларни хоҳлаган ерига ташлаб кетишади. Пойтахт кўчаларидаги аҳвол (махсус хизматчилар ҳар қанча уринишмасин) қай биримизни қониқтиради? Бу барчамизнинг маънавий қиёфамизни намоён этмайдими?

Президент Фармони билан бундан қарийб тўрт ой олдин, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ўзбек тили Департаменти тузилди. Унга катта ваколатлар берилди. Лекин нима ўзгарди? Ҳамон кўчаларимизда ажнабий сўзлар, ёзувлар қалашиб ётибди. Энди айтинг, ўзбек тилини жонидан ортиқ кўргувчи ўзбек ёзувчиси бундан хафа бўлмаслиги мумкинми?! Албатта, йўқ! Жамиятимизнинг асосий қисмида, шўродан қолган одатга биноан (мансабдор шахсларнинг саводсизлиги сабаб), ҳамон ишни “ўз оқимига” қўйиш, ўз ҳолича якун топишини кутиш одати ҳукмрон. Бу миллий ғурурнинг йўқлигидан эмасми, ахир!

Яна бир қусур: бизда бошқаларни хафа қилмаслик, байналмилаллик ниқоби остида ўз миллатдошларимизни камситиш ҳамон давом этмоқда.

Биз катта бир миллатмиз, давлатмиз! Буюк аждодларимиз (улар билан фахрланавериб, руҳларини анча безовта қилдик) қони вужудимизда, томиримизда. Мустақил бўлганимизга ҳадемай ўттиз йил тўлади, у ўзбек халқи билан тирик. Демакки, ўзбек миллати йўқ экан, Ўзбекистон деган давлат ҳам бўлмайди. Шундай экан, қаддимизни баланд тутиб, “Мен ўзбекман!” – дейдиган вақт етди. Ватанимизнинг ҳар қарич ери бизнинг юрагимиздек оҳорланиб турсин! Мен ўзбек бўлганимдан, ўзбек тилидек бой тилга соҳиб ёзувчи эканимдан фахрланаман! Миллатимизни, тилимизни асрайлик! Халқ бўлайлик! Мен Россияга тирикчилик учун кетган қавмдошларимдек ҳатто ўз она Ватанимда елка қисиб яшашни истамайман! Илмилиқ ишқ – бу ишқ эмас! Биз илмилиқликдан қочайлик! Феълимиздаги хаспўшлашни, ҳамма нарсани бир қолипга солиб, ювоштиришга уринишни бас қилайлик! Ёнайлик, ёнайлик!..

Ҳолливуднинг машҳур киноактёри Силвестр Сталлоне бир фильмда Америка учун жонини фидо қилишга тайёр аскар ролини ўйнаган. У фильм сўнгида изтироб билан айтади: “Она Ватанимиз биз уни севганчалик бизни ҳам севсин!”

Бизда гоҳо Ватанни севишга, унинг учун жонни фидо қилишга тайёр эканингни айтишга ҳам қўйишмайди, ювошроқ, ўртачароқ бўлишга ундашади.

Она Ўзбекистон! Чин фарзандларингни севишни сен ҳам ўрган!..

— Ўзбекистоннинг келажагини қандай тасаввур қиласиз ёки қандай бўлишини орзу қиласиз?

— Келинг, тасаввуримни эмас, орзуимни айтай!

Собиқ иттифоқдан биз каби ажралиб чиққан Болтиқбўйи республикаларини олайлик. Жимгина, дунё ва Европа сиёсатига дахлдор бўлиб яшашмоқда. Аслида улар дунё миқёсида олганда, “томчидай” давлатлар. Бироқ улар мавжуд ва ўз таъсирларига эга. Ёки Люксембург, Бельгия, Финляндия ва бошқа шу каби давлатларни эсланг. Европадаги энг ривожланган, аммо кичкинагина давлатлар. Биз ахир катта халқмиз ва нега энди кимларнингдир таъсирига тушишимиз керак? Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур каби Шарқ мамлакатлари ҳам биздан олдинда, майли, улар ўз йўлига. Токи биз ўз сўзимизни айтмас ва ўзимизни ҳурмат қилмас эканмиз, бошқалар бизни тирноғича кўрмайди. Шундай экан, биз тарихи — диний ва дунёвий илмлар борасида, давлатчилик шаклланиши нуқтаи назаридан, қадимийлик жиҳатидан олдиндаги миллат-халқлигимизни унутмаган ҳолда, ўз қиёфамизга эга бўлмоғимиз лозим. Ана ўшанда дунё биз билан ҳисоблашади ва ўз ҳолимизга қўяди!

Яна бир гап: дунёни билим, тафаккур қутқаради. Муштумзўрлар, оёқтепарлар ўз йўлига. Аммо ақли заколарни қадрлашни ҳам ўрганишимиз лозим. Куч — лаҳзалик шуҳрат, ақл боқийдир. Демак, ақл соҳибларини шарафлантирайлик!

— Сизни ларзага солган асар ва нимаси билан?

— Мен рости “Уста ва Маргарита”, “Телба” асарларидан, яъни ўқиганимдан сўнг, оромимни йўқотганман. Улардаги тафаккур кучи, ақл ғалаёни, қатма-қат фикрлар мени лол этган. Аминман, бу ёзувчиларни шу қадар “ақлли қилган” давр, сиёсат эди. Аммо биз мудом (яъни ёзувчилар) ўша ақлни тополмаяпмиз.

“Уста ва Маргарита” – сирли бир дунё. Аламим – нега мен шунга ўхшаш асар ёзолмайман. Ахир жамиятимиз тап-тайёр ёрдамчи-ку!

Ўзимиздан “Кеча ва кундуз” сирли асар. Ҳали уни кашф этганимиз йўқ. Тили бой, изтироби миллат дардига узвий. Бу асар халқимизни ҳали кўтаришга қодир.

“Бобурнома”ни ўқиб, ҳамон ҳайратланаман. Шоҳ ва шоир бу ростликни, ифодадаги ҳалолликни, мардликни қаердан олган. Ҳаммасини борича ёзган-а! Ҳали биронтамиз унга бас келолмаймиз.

“Қиёмат”, “Бузрукнинг кузи” –— мени ларзага солган асарлар. (Таржимонига минг тасанно!) Уларнинг ғояси, мақсадини қўйинг, сюжетидаги қатма-қатликнинг ўзи анча-мунча мияни емириб ташлайди. Ёзувчиларнинг буюклиги ҳам эҳтимол шундадир!

Бу асарлар инсон тафаккурининг чегаралари нақадар чексизлигини кўрсатиб беради.

— Қандай асар устида ишлаяпсиз?

— Ёзаётган нарсам ҳақида гапирсам, кучим қолмайди. Шунинг учун айтмайман. Бироқ тарихдаги бир буюк сиймо ҳақида материаллар тўплаб юрибман. Худо хоҳласа, ёзаман! Андишам – Хайём иккиси бир-бирларига соя ташлаб қўймасмикин?

Афғон уруши ҳақида ҳали рост гап айтилгани йўқ. Агар умрим, бардошим етса, бу борада ҳам…

Мен ёзаётганимда шерга айланаман – шу қадар куч-қувватни ҳис этаман. Бошқа пайтларда эса, “ўзи шу ишга арзийманми, қўлимдан нима келади, кимман ўзи?”, деган иштибоҳлар бағримни ўртайди. Демак, ёзаётганимда тирикман ва рост гапни айтаман шекилли-да!..

Сиз шернинг гапига ишонинг!

18-19.01.2020.