Юраклар

Эсиз, муҳаббат!
12.10.2015
Қовун
15.10.2015

Юраклар бор — мисли бир дарё.

Юраклар бор — тун каби гўё.

Муаллиф

1

1916 йил. Чиллаи зимистон…

Совуқ бўлишига қарамай, бозор анча гавжум. Ҳамманинг фикри ёди бир хил, бирор егулик топиб, уйида очликдан тинкаси қуриган болаларига олиб бориш. Ҳозир пулнинг ҳам қадри йўқ. Пулинг бўлгани билан унга егулик топиб олишнинг ўзи қийин…

Ҳар хил бақириқлар, сўкинишлар, аравакашларнинг “пўш-пўш”лари бозорни тутган. Паранжи ёпинган аёллар рўзғоридан юлиб олиб чиққан, анча уринган буюмларини сотмоқчи бўлишади…

Бозорнинг бир четида қатор ўтиришган косиблар ўзларича хиргойи қилиб, совуқ ва очликни унутиш учун қизиқроқ гап топиб, кулишга уринишади. Баъзилари эса замондан нолишади.

Ҳалитдан буён гапга қўшилмай, ўзича бир нималарни пичирлаб ўтирган Умрзоқ ота олдига паранжи ёпинган бир аёл келди.

— Ҳорманг, ота! — аёлнинг овози ҳорғин ва синиқ эди.

— Бор бўлинг, қизим! Келинг, хизмат? — чол томирлари бўртиб чиққан, озғин қўллари совқотди шекилли, бир-бирига ишқалади.

— Кечаги этикка келгандим…

— Эй, ҳа-а… Бола бечора кўчага чиқолмай ўтиргандир?.. — Умрзоқ ота орқасидаги хуржун ичидан эски, ранглари ўчиб кетган кичкина этикчани олиб, аёлга узатди: — Мана, қизим… Эй, бу замон норасидаларни роса чинқиратди-да. Ишқилиб омон бўлайлик, ё парвардигор!

Аёл этикни олдию, чолнинг қўлига икки танга ташлаб, “раҳмат, ота!” деганча орқасига бурилиб, одамлар орасига кириб кетди. Чол аёл ортидан бир нафас тикилиб турди-да, “эй парвардигор, марҳаматингни дариғ тутма!”, дея яна ишга тутинди…

Кун ҳам пешиндан оғди. Бозор анча сийраклашиб қолди. Кечки изғирин аста-секин кучга кириб, танани зирқирата бошлади…

Умрзоқ ота ишини тўхтатиб, “ё пирим” деганча қийналиб ўрнидан турди. Увишиб қолган оёқларини карахт қўллари билан бир-икки уқалади-да, нарсаларини йиғиштиришга тушди. Буюмларини хуржунга солиб, энди кетишга шайланганди, атторлик дўкони олдида дийдираб ўтирган болага кўзи тушди…

Боланинг эгнида эски — қирқ ямоқ чопон, бошида “қулоқ”лари осилиб, жунлари тўкилган телпак, оёғида эски чориқ. Юзлари анчадан буён ювилмаганидан ҳам совуқдан кўкариб кетган, кўзлари ҳорғинликдан, очликдан қовоқлари ичига ботган. Қўлларини чопонининг узун енгларига тиққанича қалт-қалт титрарди. Ёши ўн иккиларда эди.

Умрзоқ ота бир муддат болага тикилиб қолди. Боланинг ҳам кўзлари туйқусдан чолга тушди. У гўё илтижо қилгандай боқиб турарди. Ота оғир-оғир қадам ташлаб, унинг тепасига келди.

— Бу ерда нима қилиб ўтирибсан, болам? — Бундай етим-есирларнинг шу кундаги аҳволини билса ҳам, нима дейишни билмай сўради чол.

— Ётарга жой тополмадим… — совқотганидан боланинг тили аранг сўзга келарди.

Чолнинг болага раҳми келди, лекин уйидаги аҳволни ўйладию, не қиларини билмай қолди. Уйида кампири, ота-онасидан етим қолган икки набираси бор. Шундай ҳам кунлари зўр-базўр ўтяпти…

Чолнинг болани ташлаб кетишга кўнгли бўлмади.

— Бўлмаса, юр мен билан!..

Боланинг кўзлари чақнаб кетди. Неча кунлардан буён илиқ сўз эшитмаган қалбига қандайдир ҳарорат кирдими, маъюс кўзларида ёш айланди. Базўр ўрнидан турдию, довдираб отага термилди.

— Отинг нима, болам? — чол чап қўлини боланинг елкасига оҳиста ташлаб, йўлга бошлади.

— Ўлмас… — унинг овозида севинч, бу меҳрибон кишига чексиз ҳурмат сезиларди…

Умрзоқ ота Ўлмасни дарвоза олдига олиб келдию, уйга қандай олиб киришни ўйлаб қолди. Ахир кампири оч қолган болаларини меҳри, ширин сўзи билан аранг овутяпти-ку…

Дарвозадан ичкари кирди. Пастак кулбасининг эшигини очдию, чарх йигириб ўтирган кампирининг юзига қаролмай, хуржунни бурчакка қўяркан гапирди:

— Кампир, меҳмон олиб келдим.

Кампир ишдан тўхтаб, сўлғин кўзларини Ўлмасга бир муддат тикиб қолди. Сўнг:

— Вой, кел, болам, кел! Бу йигитчани қаёқдан топдингиз, чол? Вой, бўйларингдан ўзим айланай!.. — дея сўзлай бошлади. Бирдан сандалнинг нариги бурчида ширин ухлаётган болалари эсига тушди-да, уйғотиб юборишдан қўрқиб, овозини пасайтирди. Ўрнидан базўр туриб, ерга боққанча турган Ўлмаснинг елкасига оҳиста қўлини қўйиб, сандалга етаклади. Ўлмас анча совиб қолган сандалга кираркан, отага қаради. Ота майин жилмайиб турарди…

Ўлмасни ювинтиришди, ота эски чопонини ва бир неча ямоқ этигини берди.

— Борига барака, киявер, болам!..

Кампир эрталик учун олиб қўйган қаттиқ зоғора нонни бўлиб, ярмини Ўлмаснинг олдига қўйди.

— Ол, болагинам!..

2

— Ҳой, яшшамагур, ўтин қилдингми? — шанғиллади аёл сигир тагини тозалаётган болага қараб.

— Ҳозир, ая, ҳозир… — бола қўрқув билан “ифлос” кетмонни бир чеккага қўйди-да, аёлга яқинлашди. — Сигирнинг таги жуда ифлос бўлиб кетган экан, шунга… Ўтинни эса энди қиламан, — у айбдордай бошини хам қилди.

— Шу арзимаган ишниям бир кун қиласан. Жуда айёр бўлиб кетяпсан, бола! Совуқни қара! Кеча ўтин қилмаган экансан, кўмир ҳам тугаб қолди, кечаси билан қунушиб чиқдик… Бор, ўтин қил! Ҳе, серраймай ўл! — аёл шаҳд билан бурилиб, уйга кириб кетди.

Бола ўтинхонага ўтди. Совуқ баданни игна санчгандай зирқиратарди. Тунов куни ёққан қор ойна каби юпқа парда ҳосил қилган, оёқ тегиши билан қисирлаган овоз чиқаради.

Эрталаб азонда турган Эркин нонушта қилган бўлдию, кеча аяси тайинлаган ишларни қилиш учун ташқарига чиқди. Ҳали ҳеч ким уйқудан уйғонмаган эди. Ўшандан буён на овқат ейди, на уйга кириб исинади. Бечоранинг қўллари ва оёқлари совуқдан увушиб қолган…

Эркиннинг дадаси транспорт ҳалокатига учради… Онаси эса оғир касалликдан вафот этди. Шўрликлар яккаю ёлғиз фарзандларининг ҳам орзу-ҳавасларини кўришолмади.

Эркинни тоғаси паноҳига олди. Тоғаси сўкиб, баъзида хотинининг гапига кириб, калтакласа ҳам, хўрламайди. Лекин тоғаси ишга кетиши билан аяси кун бермайди. Наҳотки аёл ҳам шунчалар бўлса! Ахир у — она-ку! Наҳотки заррача меҳр-шафқат бўлмаса?!

Эркин эндигина ўн учга қадам қўяётган бўлса ҳам, катталарча фикр юритади. Ҳаётинг қанча оғир бўлса, уни шунча яхши идрок этасан киши…

Эркин қийнала-қийнала бир талай ўтин қилди. Уст-бошини қоқиб, уйга кирди. Ҳали печканинг олдига бормай, аяси яна ўдағайлади:

— Ҳа, қилиб бўлдингми?

— Ҳа!.. — Эркин қўрқа-писа жавоб берди.

— Энди қўлингни тозалаб ювиб, новвойдан нон олиб кел! Сен ифлосга айтмасдиму, Носиржон ухлаяпти, — аёл бир сўм пулни Эркинга узатди…

Бола яна ташқарига чиқди. Қунушиб новвойга жўнади. Аясининг “ифлос”, “Носиржон ухлаяпти” деган сўзларини эсладию, беихтиёр кўзига ёш келди. Бу ўкинч ёшлари эди…

Эркин қайтганида тоғаси уйда эди. Бугун дам олиш куни бўлгани учун тоғаси эрталаб “Москвич”ида қаёққадир кетганди.

— Ассалому алайкум… — Эркин уйга кираркан, тоғасига салом берди.

Тоғаси кичик ўғли Нодирни тиззасида олиб ўтирарди. Эркинга бир қаради-да, бошини қимирлатиб, алик олди. Нодир Эркинни кўриб, дадасининг қучоғидан ўзини унга отди.

— Эйкин ака, Эйкин ака! Ўйнатинг!

Эркин болани энди кўтармоқчи эди, уйдан чиқиб келган аяси бақирди:

— Ҳой Нодир, осилма унга! Бит-мити бўлса, ўтиб қолади, — шундай дея Нодирни оларкан, яна Эркинга ўдағайлади: — Бор, сигирга ем бериб кел!

Эркин яна ташқарига чиқди. У унсиз йиғларди. Очиққанидан кечки изғирин авзойи баданини чимчиларди. У бостирмага етмай, ҳолсизланиб ерга чўккалаб қолди. Бошини қўллари орасига олиб мунгли ингради:

— Ойижон!..

Архивдан.

7-10 февраль, 1980 йил, уй-интернат.